Хабарингиз бор, келаси йил 1-19 июнь кунлари Ўзбекистонда футбол бўйича U-23 Осиё чемпионати бўлиб ўтади.
Бугун Тошкентда Осиё чемпионати саралаш баҳслари бошланди. Унда Тимур Кападзе бошқарувидаги футболчиларимиз Саудия Арабистонига қарши майдонга тушди. Учрашув 2:2 ҳисобида жанговар дуранг билан якунланди.
Биринчи бўлимнинг 40-дақиқасида Саудия Арабистони аъзоси Ҳамед Абдуллоҳ Ал Гамди ҳисобни очди. Орадан беш дақиқа ўтиб эса Отабек Жўрақўзиев мувозанатни тиклади. Танаффусдан кейин саудияликлар яна бир маротаба вакилларимиз дарвозасини ишғол этди. Абдулмуҳсин Ал Қаҳтани бу сафар гол муаллифига айланди. 80-дақиқада эса Жасур Жалолиддинов пенальтидан мувозанатни тиклади.
Маълумот учун, саралаш баҳслари Қувайт мамлакатида ўтказилиши лозим эди. Бироқ қувайтликлар мезбонликдан бош тортгач, ОФК мезбонликни Ўзбекистонга беришни лозим топди.
U-23 Осиё чемпионати саралаши, 1-тур
Саудия Арабистони - Ўзбекистон 2:2
Голлар: 40 - Ҳамед Абдуллоҳ Ал Гамди (1:0), 45 - Отабек Жўрақўзиев (1:1), 47 - Абдулмуҳсин Ал Қаҳтани (2:1), 80 - Жасур Жалолиддинов (2:2)