АсосийSalomatlik

Нега ёш болалар орасида пневмонияга чалиниш ҳолатлари кўп учрамоқда? Мутахассис жавоб берди

'Нега ёш болалар орасида пневмонияга чалиниш ҳолатлари кўп учрамоқда? Мутахассис жавоб берди'ning rasmi

Бугун пневмония касаллиги кўпчилигимиз учун яхши таниш. Боиси , сўнгги пайтларда бу хасталикка чалиниш бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам кўп кузатилмоқда. Афсуски, ушбу касаллик болаларни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Сўнгги пайтларда болалар ўртасида пневмонияга чалиниш ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Хўш, бунинг асосий сабаблари нимада?

ССВ Матбуот хизмати шу ва шу каби саволлар билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар бош пульмонoлоги, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фурқат ШАМСИЕВга мурожаат қилди. 

— Дарҳақиқат, бу йил юртимизда ёш болалар ўртасида пневмонияга чалиниш ҳолатлари сони бирмунча ортди. Буни эса бутун дунёдаги пандемия ҳолати, қолаверса, “COVID-19” инфекциясининг янги штаммларининг пайдо бўлиши ва бу штаммлар бевосита болаларда ҳам кўп учраётгани билан боғлаш мумкин.

Бундан ташқари, болаларда ўпка касалликларининг ортишига яна бир қанча омиллар сабаб бўлмоқда. Жумладан, ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган вирусли инфекциялар кўпайган вақтда болани шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаслиги, ҳимояловчи воситаларни тўғри ишлатмаслиги уларнинг ушбу хасталиклар билан касалланишига олиб келмоқда.

Шу билан бирга, ота-оналар томонидан фарзандини уй шароитида грипп ва ўткир респиратор касалликлардан ўзбошимчалик билан даволаши, бемор бўлса-да ўғил-қизларини боғча ёки мактабга юбориши ва бу орқали бошқа соғлом болаларга инфекцияни юқтиришга шароит яратиши, болада сурункали инфекция ўчоқларини вақтида бартараф этилмаслиги, нотўғри овқатлантириш, боланинг руҳий зўриқиши, жисмонан чиниқмаганлиги, кам ҳаракатлиги, узоқ вақт ёпиқ хоналарда ўтириши ҳамда вирусли касалликлар эпидемияси вақтида вакцинация қилинмаслиги ҳам касалланишлар сони ортишига сабаб бўляпти, - дея жавоб берди мутахассис. 

 

    Бошқа янгиликлар