ССВ Ахборот хизматининг маълум қилишича, коронавирусга чалиниб, ўпкаси пневмониядан 65 фоиз зарарланган, ўпка плевра бўшлиқларида сув йиғилган беморга юрак инфаркти ташхиси қўйилган. Буям етмаганидек, онахон бир пайтнинг ўзида инсультни бошдан ўтказаётгани аниқланган. Устига устак, инфаркт асоратида юрак деворлари ёрилиши диагнози чиққан.
Сопороз ҳолатида, оёқлари шишиб кетган, ётолмайдиган аҳволдаги 60 ёшли янгийўллик онахон Лариса Нурлибаевани Россиядаги етакчи клиникларда узоқ йиллар тажриба орттириб қайтган моҳир кардиожарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, профессор Рустам Ярбеков бошчилигидаги тиббиёт ходимлари операция қилишди.
— Бемор короновирусдан азият чекаётган, ўпкаси жиддий зарарланган ҳолатда сунъий нафас олиш аппаратидан чиқа олармикан, деган жиддий хавотиримиз бор эди, — дейди Рустам ЯРБЕКОВ. — Аммо онахонни зудлик билан жарроҳлик столига ётқизмасак, ҳаётини сақлаб қола олмасдик. Шу боис оила аъзолари ва яқинлари розилиги билан дастлаб унда коронарография амалиётини ўтказдик. Учта томирида шикасланиш, торайиш ва ёпилиш аниқланиб, аорта-коронар шунтлаш ва юрак ёрилган деворини пластика қилиш операцияси бажарилди.
Бу жараён беш соатдан зиёд давом этди ва мураккаб операция муваффақиятли якунланди. Мана, кўриб турганингиздек, беморнинг аҳволи яхши. Икки ҳафта ичида соғайиб кетди. Ўпкасида сув йиғилмаяпти. Кислород ускунасисиз бемолол нафас олмоқда. Оёқларидаги шишлар қайтган. Эркин ҳаракатланмоқда. Юрак ва ўпка етишмовчилиги белгилари тўлиқ бартараф этилди.
Маълум қилинишича, бемор ўз вақтида вакцина олмаганим туфайли коронавирусга чалиниб, ўпкам пневмониядан 65 фоиз зарарланган. Шунинг асоратларидан юрагимда жуда қаттиқ оғриқ, нафас олишим қийинлашиб, ҳушини йўқотган.