Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом этди, дея хабар бермоқда Президент Матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон стратегик шериклиги ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашнинг истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, қўшма кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, транзит ва логистика, энергетика, сув ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги қўшма саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш масалаларига устувор аҳамият қаратилди. Ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувларни жадаллаштириш чоралари кўриб чиқилди.
Шунингдек, глобал ва минтақа кун тартибида турган ҳамда халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.
Президентимиз Ўзбекистон халқларимиз ўртасидаги самимий биродарлик муносабатларини юксак қадрлашини таъкидлади.
– Бугун тарихий қарор қабул қиляпмиз, ҳамкорлигимизни иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтаряпмиз. Кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва кенг кўламли шерикликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги интилишимиз қатъий. Бунинг учун барча имконият ва ресурсларни ишга соламиз, Мақсадимиз – биродар халқларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлигини аниқ мазмун билан бойитиш, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, гуманитар алмашинувларни кенгайтириш, таълим, фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, туризм ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Жумладан, Қозоғистон Президенти халқларимизнинг маънавий яқинлиги ва кўп асрлик дўстлиги рамзи сифатида Нур-Султон шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилишини таъкидлади.





