АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти иккинчи президентлик муддати бошланганидан буён 300 мингдан ортиқ визани бекор қилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти маълумотларига таяниб, Reuters хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2025 йил январидан буён бекор қилинган визалар сони сезиларли даражада ошган. 2026 йил 10 август ҳолатига кўра, бу кўрсаткич 175 мингдан ортиқ эди.
Давлат департаменти матбуот котиби Томми Пиготт маъмурият визаларни АҚШ тарихидаги бошқа маъмуриятларга нисбатан тезроқ бекор қилаётганини билдирган. Унинг таъкидлашича, ҳукумат виза билан келган хорижликларнинг қонунбузарликлари, фирибгарлиги ва миллий хавфсизликка таҳдидларига нисбатан қатъий чоралар кўрмоқда.
Бироқ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ушбу сиёсат сўз эркинлиги ва қонуний ҳимояланиш ҳуқуқига зарар етказиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Хусусан, Ғазодаги урушга қарши намойишларда қатнашган ёки ижтимоий тармоқларда сиёсий фикрларини билдирган айрим хорижликларнинг визалари бекор қилингани танқидларга сабаб бўлди.
Шунингдек, Трамп маъмурияти виза олувчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини текширишни кучайтирган. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса миллий хавфсизликни таъминлаш чоралари ҳукумат танқидчиларини нишонга олиш воситасига айланмаслиги кераклигини таъкидламоқда.






