Мисрда сайёҳлик автобуси юк машинаси билан тўқнашиши оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, яна 34 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Khaleej Times нашри давлат оммавий ахборот воситаларига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, ЙТҲ 20 октябрь куни Қоҳира — Асют Ғарбий чўл автомобиль йўлида, Гиза ҳудудида содир бўлган.
Миср соғлиқни сақлаш ва аҳоли вазири Холид Абдул Ғаффорнинг маълум қилишича, ҳодиса жойига 28 та тез ёрдам машинаси юборилган. Жароҳатланганлар 6 октябрь марказий шифохонасига олиб борилган.
Вазир жабрланганларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, яқин атрофдаги шифохоналарнинг фавқулодда ҳолатларга тайёргарлигини кучайтириш бўйича топшириқ берган.
Франс Пресс агентлиги мухбирига кўра, тўқнашув оқибатида автобуснинг олд қисми бутунлай вайрон бўлган. Ҳодиса жойида йўлни тозалаш ишлари олиб борилган, автобусни кўтариш учун махсус крандан фойдаланилган.
Айни вақтда ҳуқуқ-тартибот идоралари ЙТҲ сабабларини аниқлаш бўйича тергов олиб бормоқда.






