Sevimli

Диний эркинлик одамларни бирлаштирадими, ё акси?

МУТОЛАА 09.12.2021, 17:38
Диний эркинлик одамларни бирлаштирадими, ё акси?

 

Ўзбекистонда азалдан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи инсонлар тинч-тотув яшаган. Аждодларимиз бошқа дин вакилларига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлгани, турли туман миллатлар Ватан тараққиёти йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилгани тарихий манбаларда кўп қайд этилган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг сони 33 млн.дан ошди. Айни пайтда ушбу одамлар 130 дан зиёд миллатга мансуб. Фуқароларнинг 94 фоиздан зиёди ислом динига эътиқод қилади. 3,5 фоизга яқини православ динига мансуб, қолганларини бошқа конфессия вакиллари ташкил этади. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида 16 та диний конфессияга мансуб 2 239 диний ташкилот фаолият олиб бормоқда. Улардан 2065 таси исломий, 157 таси христиан, 8 таси яҳудий, 6 таси баҳоий жамоалари, биттадан Кришнани англаш жамияти ва Будда ибодатхонасидир. Булардан ташқари, конфессиялараро Библия жамияти ҳам фаолият юритмоқда. Ушбу диний ташкилотларнинг эмин-эркин фаолият олиб бораётгани юртимизда ҳукм сураётган диний бағрикенгликнинг амалий ифодасидир.

Шубҳасиз, юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча ютуқларимизнинг замирида жамиятимиздаги эркинлик, тенглик, тотувлик ва шу асосда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик ҳисобланади.

Яқин Шарқ воқеалари ташвишга солади

Маълумки, бугун дунёда мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқда. Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда. Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим”.

Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, “Интернет” орқали тарғибот ўтказиш, яширин “ҳужралар” ташкил этиш каби усулларда амалга оширмоқда. Айниқса, Интернет тармоғида “ИШИД”, “Жабат ал-Нусра” каби террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқот кенг кўламда олиб борилаётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиш даъвосида Сурия ва Ироқ ҳудудига бориб, ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. 

Мутаассиб оқим аъзоларининг бош мақсадлари - “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик”, “кофир бўлиш” каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Афғонистон ёки Покистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдан иборат. 

Диний экстремизмнинг зарарли таъсирлари 

Диний экстремизм шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфааатларига таҳдид солмоқда. Жумладан, диний экстремистик ғоя ва ёт диний қарашларнинг жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳит ва тадрижий ривожланишга зарарли таъсири қуйидагиларда акс этмоқда:

- мутаассиб оқим ва секта аъзоси қонуний жазога тортилиши ёки “ҳижрат” даъвосида хорижий юртларга чиқиб кетиши оқибатида жамиятнинг бирламчи бўғини бўлган оилаларда парокандалик юзага келади, фарзандлар тарбиясиз, оилалар эса боқувчисиз қолади;

- жамиятда анъанавий қадриятларни авлоддан авлодга узатиш тизими ва тадрижий ривожланиш жараёни бузилади, мазкур жамиятда асрлар оша муҳим ўрин тутган миллий, маданий, тарихий қадриятлар аҳамиятини йўқотиши оқибатида маънавият пасаяди; 

- экстремистик ва террористик ҳаракатлар содир этилиши орқали жамиятда “ёвузлик чегараси” пасайиб, одамлар қотиллик, қийноқ, босқинчилик, гаровга олиш, қулчилик каби жиноятларга кўникиб қолади. Айни чоғда, ушбу ёвузликлар жамиятнинг муайян қисмида ваҳима уйғотади, қочоқлар оқими пайдо бўлади; 

- терроризм ва экстремизм, улар оқибатида келиб чиқадиган ижтимоий беқарорлик жамиятда криминал жиноятларнинг авж олишига хизмат қилади;

- давлат томонидан хавфсизлик чораларини кўриш учун бюджет маблағларининг сарфланиши, шунингдек, террористик ҳаракат оқибатида кўрилаётган моддий зарар жамиятга иқтисодий жиҳатдан катта зарар етказади. Оқибатда ишсизлик ошади, ижтимоий муҳофазага йўналтирилган лойиҳалар бажарилмай қолади, аҳолининг турмуш даражаси пасаяди;

- мамлакатнинг тақдири иқтисодий донор ва қурол-аслаҳа сотувчи давлатларга боғлиқ бўлиб қолади.

Экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, мазкур муаммони фақат ҳарбий куч ишлатиш билан тўла ҳал этиб бўлмайди. Уларни такрор ишлаб чиқариш тизими сақланиб қолар экан, қайд этилган таҳдидлар сақланиб қолади. Диний экстремизм ва терроризмни такрор ишлаб чиқариш тизимининг муҳим бўғинлари ақидапарастлик ва терроризм мафкураси, уларнинг илҳомчилари ва даъватчилари, мазкур мафкурани тарқатиш каналлари ва улар таъсирига тушаётган шахслар ҳисобланади.

Шу сабабли илмий асосланган, технологик жиҳатдан тартибга солинган, дунёда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга мос (адекват) ахборот-мафкуравий курашни – аксилтарғибот ишларини тўғри ташкил этиш экстремизм мафкураси тарқалишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. 

Аксилтарғибот ишлари – мафкуравий курашнинг специфик кўриниши бўлиб, душман кучларнинг ахборот-қўпорувчилик ва психологик ҳужумини зарарсизлантиришга қаратилган сиёсий, ғоявий, ташвиқот ва ташкилий чора-тадбирлар мажмуи ҳисобланади.

Жамиятда диний-экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олишда ДЭО га мойиллиги бор шахслар ва уларнинг оила аъзолари билан ташкил этиладиган якка тартибдаги профилактик тадбирлар муҳим ўрин тутади. 

Миссионерлик нимаси билан хатарли?

Бугунги кунда жойлардаги ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан бири айрим диний конфессия вакиллари томонидан аҳоли ичида миссионерлик билан боғлиқ ноқонуний фаолият  амалга оширилаётгани ҳисобланади. Диний эркинлик тушунчаси ва миссионкрлик ҳаракатларини олиб бориш эркинлиги ўртасида катта фарқ бор. Умуман олганда, миссионерлик ўзи нима?

Миссионерлик (лотинчада “missio” – “юбориш”, “вазифа топшириш”) муайян дин, конфессия ёки секта вакилларининг ўз диний таълимотини тарғиб қилиш ва тарқатишга қаратилган фаолияти ҳисобланади. Миссионер (missionary) ўзи эътиқод қилувчи диний таълимотни ўзга дин вакиллари ичида тарқатиш билан шуғулланувчи шахс ҳисобланади.

Миссионерлик одатда миллий динлардан бошқа деярли барча динларда учрайди. Миссионерлик фаолиятини фуқаровий мансублик жиҳатидан ташқи (хорижда амалга ошириладиган) ва ички (мамлакат ичида) турларга ажратиш мумкин. Хусусан, христианликнинг католик ва православ йўналишларида миссионерлик билан руҳонийлар шуғулланса, протестант конфессияларида миссионерлик барча диндорларнинг бурчи ҳисобланади.

Миссионерликнинг узвий қисми бўлган прозелитизм (грекча “proseh/tos” – янги эътиқодни қабул қилган одам) – муайян дин, конфессия ёки секта вакилларининг ўзга дин вакиллари ёки даҳрийларни бевосита ўз динига киритишга қаратилган назарий ва амалий фаолияти саналади. Иккинчи маънода прозелитизм янги дин ғояларини қабул қилган шахснинг ушбу динга кучли садоқатини англатади.

Мустақилликнинг илк давридан Марказий Осиё минтақасида ҳам турли диний конфессиялар томонидан ўз диний қарашларини маҳаллий аҳоли ичида кенг тарғиб қилишга қаратилган фаол ҳаракатлар амалга оширилди. Минтақа мамлакатларида туб аҳоли учун анъанавий бўлмаган диний конфессияларга мансуб ташкилотлар ҳам расмий рўйхатдан ўтиб, фаолият юрита бошлади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда айрим диний конфессияларнинг вакиллари, шу жумладан, норасмий жамоа аъзолари томонидан қонунга хилоф равишда диний сабоқ бериш, ноқонуний йўллар билан диний адабиётларни республика ҳудудига олиб кириш ва тарқатиш, хусусий хонадонларда белгиланган тартибларга зид равишда диний йиғинлар ўтказиш, эшикма-эшик юриб диний қарашларини тарғиб қилиш, аҳоли ичида ўзларининг диний экспертизадан ўтказилмаган буклет, журнал, электрон дискларини тарқатиш каби қонунбузарликларга йўл қўйилмоқда.

Миссионерлик ва прозелитизм билан боғлиқ қонунбузарликларнинг олдини олишда маҳаллаларнинг ўрни қандай?

Миссионерлик ва прозелитизм билан боғлиқ қонунбузарликларнинг олдини олишда ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни муҳим аҳамият касб этади. Чунки аксарият ҳолатларда миссионерлик билан шуғулланувчи жамоалар хонадонларда черков очиш, маҳаллаларда эшикма-эшик юриб тарғибот ўтказиб ҳамда ўзларига мойил одамларнинг уйига келиб, моддий ёки бошқа ёрдам кўрсатиш орқали даъват ишларини ташкил этади. 

Шунингдек, айнан маҳалла фуқаролар йиғини ёрдамга муҳтож одамларга хайрия ёрдами кўрсатиш орқали уларнинг миссионерлар гирдобига тушиб қолишининг олдини олишда ташаббускор сифатида фаолият юритиши мақсадга мувофиқ саналади. Фуқароларда миссионерликнинг мазмун-моҳияти ҳақида холис ва етарли тушунчалар ҳосил қилиш орқали унга қарши иммунитет шакллантирилади. Мазкур жараён асосан комплекс равишда ташкил этиладиган, барча ижтимоий қатламларни, айниқса, миссионерлар кўпроқ “нишон”га оладиган тоифаларни қамраб оладиган маънавий-маърифий тадбирлар, профилактик ва тушунтириш ишлари шаклида амалга оширилади. 

Айни вақтда, ёшларнинг турли норасмий, диний жамоаларнинг таъсирига тушиб қолишининг олдини олишда ўқув муассасалари ва маҳалла қўмитаси томонидан тизимли равишда тушунтириш ишлари олиб борилиши муҳим ўрин тутади.Шу билан бирга, миссионерликнинг олдини олиш билан боғлиқ тарғибот ва тушунтириш ишларида республикада виждон эркинлиги қонунан кафолатланганини ҳисобга олган ҳолда масалага ёндашиш, миссионерликнинг реал таҳдидини ҳаётий мисолларда ёритиб бериш ва бундай фаолият республикада қонунан ман этилганини тушунтиришга эътибор қаратиш лозим.

Таъкидлаш жоизки, диннинг давлат ишларидан ажратилганлиги тамойили давлат томонидан диний ташкилотларнинг ички фаолиятига аралашмасликни англатади. Бироқ, бу диний ташкилотларнинг фаолиятига қонуннинг дахли йўқ дегани эмас. Диний ташкилотларнинг аъзолари айни пайтда ўз давлатининг фуқаролари ҳам ҳисобланади ва улар Конституциянинг 48-моддасига кўра: “... Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар”.

Зеро, ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим бўлган бир қоида бор: “Бир шахснинг эркинлиги бошқа бир шахснинг эркинлиги бошланган нуқтада тугайди”.

 

Рисолат МАХСИМОВА 

Шарҳлар

Меҳмон 11.04.2022, 13:16
Assalomu alaykum, juda aktual mavzu ko’taribsiz. Hamma uchun kerakli va foydali kontent bo’libdi. OAVlar Mana shunday kontentlarga ko’proq o’rin ajratish kerak, menimcha hozir. 👏👏👏👏👏👏👏
Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+23.45° небольшая облачность
Валюта курси
11130.57
USD -14.64
11713.81
EUR 39.2
175.22
RUB 2.43
1