Наманганлик 15 ёшли ўқувчи автомобилни телефон ёрдамида бошқармоқда (фото)

HI-TECH 05.01.2022, 11:13
Наманганлик 15 ёшли ўқувчи автомобилни телефон ёрдамида бошқармоқда (фото)

Уйчи туманидаги 16-мактабнинг 9-синфида ўқийдиган Абдулазиз Носиржонов овоз билан бошқариладиган ва 500 дан ортиқ буйруқни бажара оладиган сунъий интеллект дастурини яратди.  

Абдулазиз Носиржоновнинг ўзи бу дастурнинг яратилиши ҳақида шундай дейди:

– Компютеримни овозли буйруқ бажарадиган кўринишга келтирмоқчи бўлдим. Google’да овозли бошқарув дастурлари бўйича қидирув бердим. Инглиз тилини яхши билганим учун шундай лойиҳа устида ишлаётган ҳиндистонликлар билан танишдим ва улардан гуруҳларига қўшиб олишларини илтимос қилдим. Улар рози бўлишди. 2020 йили, карантин пайти дастур устида биргаликда меҳнат қилдик. Ўтган йил февраль ойида ишимиз якунига етди. Шундан сўнг овоз билан бошқариладиган ва 500 дан ортиқ буйруқни бажара оладиган сунъий интеллект дастурини ўзбекчалаштириб чиқдим. Унга ‘Абдулазиз Жарвис’ деб ном қўйдим. Жарвис ўша, фильмдаги роботнинг номи.  

Абдулазиз дастлаб компьютерда лойиҳани синаб кўрди. Word, Exсel каби дастурларни овоз ёрдамида бошқарди. Сўнг навбат бобосининг Lacetti Gentra машинасига келди.  

Қаҳрамонимизни айтишича, ўртача 2 миллион сўм харажат билан машинани овозли бошқарув тизимига ўтказса бўлади. Қурилмани мотоцикл ва Tico’дан тортиб баҳайбат юк машиналаригача ўрнатиш мумкин. Кейинчалик автомобилни олис масофа, ҳатто хориждан туриб ҳам бошқарса бўлади. Бунинг учун алоқа яхши бўлса бас. Ихтирочи йигитча овозли буйруқ бериш функциясини телефондан ақлли соатга ҳам ўтказмоқчи.  

Маълумот ўрнида, Абдулазиз Носиржонов яратган сунъий интеллект дастури яқинда бўлиб ўтган “Ўзбекистон учун 100 ғоя” лойиҳаси учун танлаб олинди ва 10 миллион сўм миқдоридаги мукофот билан тақдирланди. 

Азизбек АБДУВАЛИЕВ

Фотолар муаллифи Жаҳонгир АКРАМОВ                                                                                                                          

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1