АсосийDunyo

"Мис идишда ва кўмир оловида..." Дунё севиб истеъмол қиладиган турк қаҳваси ҳақида сиз билмаган ҳақиқатлар

'"Мис идишда ва кўмир оловида..." Дунё севиб истеъмол қиладиган турк қаҳваси ҳақида сиз билмаган ҳақиқатлар'ning rasmi

Турк қаҳваси турк маданиятининг ажралмас қисми бўлиш билан бирга бутун дунё халқлари томонидан тан олинган ва севиб ичиладиган ичимлик ҳисобланади. Одатда турклар қаҳвани дўстлар билан суҳбат, тонгги нонушта, кундузги таомланишдан сўнг истеъмол қилишни ҳуш кўришади.

Aвтоматик қаҳва машиналар туфайли турк қаҳвасини тайёрлаш ҳозирда жуда осонлашган бўлса-да, махсус мис идишда (жезве), кўмир оловида тайёрланган қаҳванинг таъми ҳақиқатан ҳам бошқача. Қаҳвани Усмонли давлатига 1543 йилда Яман ҳокими Ўздемир пошшо олиб келган. Турклар томонидан ихтиро қилинган янгича тайёрлаш усули туфайли қаҳва “турк қаҳваси” номини олган.

Биринчи марта 1554 йилда Тахтакаледа очилган ва бутун шаҳар бўйлаб тез тарқалиб кетган қаҳвахоналар туфайли жамоатчилик қаҳва билан танишди. Куннинг барча соатларида китоблар ўқиладиган, шахмат ва нард ўйналадиган, шеър ва адабиёт суҳбатлари ўтказиладиган қаҳвахоналарда қаҳва ўша давр ижтимоий ҳаётида ўз изини қолдирди.

Туркларда қаҳва ичишнинг ҳам ўз одоби бор. Қаҳвадан олдин еган ёки ичган нарсангизнинг таъми оғзингизда қолса, сизда қаҳвадан тўлиқ баҳраманд бўлиш имконияти бўлмайди. Шунинг учун, одатда қаҳвадан олдин бир неча қултум сув ичилади. 

Шунингдек, туркларда қаҳва фоли очиш ҳам кенг тарқалган. Қаҳва битгач финжон остида қалин қаҳва чўкиндиси қолади ва уни ликобча билан беркитиб айлантирилади. Бир муддат ўтгач оғзи очилгач, пайдо бўлган турли шакллар ёрдамида фол кўрилади.

Бугунги кунда ҳам, бўлажак куёвнинг оиласи қизнинг ота-онасидан унинг қўлини сўраганда, келин томонидан куёвга махсус тузли ва мурчли турк қаҳваси тайёрланади ҳамда уни охиригача ичилиши сўралади. Куёв уни охиригача ичиши, қизни чиндан севишини ва у учун ҳамма нарсага тайёрлигини ифодалайди.

    Бошқа янгиликлар