Куни кеча «Inter expo Tashkent» компанияси ташаббуси билан «Менинг юртим» телеканали орқали эфирга узатилаётган «Муҳаббат тафти» сериали бош қаҳрамони, бугунги кунда Ўзбекистонда ҳинд актёри Шоҳруҳхондан ҳам машҳур бўлган Барун Собти (Арнав Сингх) ўзбекистонлик мухлислари даврасида ижодий учрашувда бўлди.
«Radisson Sas» меҳмонхонасидаги учрашувни ижодий учрашув ҳам деб бўлмади. Боиси, минглаб мухлислар уни кўриш учун ташриф буюриб, тинчликни сақлай олишмади. Фақат қий-чув, кичик мухлисларнинг йиғиси, катталарни савол йўллаш борасидаги иштиёқлари орқали юзага келган бақир- чақирлар билан ўтди.
Унга овқат пиширишидан тортиб, нечи ёшда севиб қолганигача турли мавзуларда саволлар йуллашди.
Барун ҳайрон! Оддий сериал орқали Ўзбекистонда шунча мухлис ва мухлисалари борлигидан боши осмонга етган бўлса керак.
Тадбир сўнггида ташкилотчиларнинг тинчлик сақланг, ҳали анча сухбатлашамиз дейишларига қарамай йиғилганлар совға-салом йўллашда давом этишди, қўриқчиларни ортда колдириб, суратга тушишди, дастхат олишга ёпирилишаверди. Оҳир-оқибат актёр қўриқчилар қуршовида қочиб қутулди.
Шу куннинг ўзида у «Тўйлар муборак» тўй ва оқшом либослари модалар намойишида ҳам иштирок этди.
Дизайнерларимизнинг ишларини томоша қилаётган актёрни фанатлар ўша ерда ҳам дастхат бериб ўтиришга мажбур қилишди.
Менинг фикримча, у бу каби фанатлари бор юртга яна қайтса керак, ёки…
Ёдгорбек ЮКСАЛ
Актёр билан интервьюни "Даракчи" газетасининг навбатдаги сонида ўқишингиз мумкин!