Энг “бечора”, энг “хокисор” қўшни…

МУТОЛАА 30.05.2022, 22:50
Энг “бечора”, энг “хокисор” қўшни…

— Нима ҳам дердим, бу дунёда пули бор одам гапираркан-да, Расулжон. Мана, ўтган кунги чойхонага ҳам мени айтишмабди. Ҳа, майли.

— Кўнглингизга олманг, ака, бугун мен чойхонада ош қилиб беряпман, кечга томон ўтаверасиз.

— Эҳтиёт бўлинг, Расулжон, одамлар шунақа…

Қобилжон аканинг ўзига-ўзи гапириб, йўлида давом этаётганига қараб қолган Расул ака “Бечорагина, ҳаёт жуда қийнаган одам экан” деган фикрга келди. Ўша куни чойхонада маҳалладагилар эшикдан кириб келган Қобилжон акани хушламайгина қарши олишди, номига салом-алик қилиб, яна ўзларининг гурунгларига берилиб кетишди. Шу пайт Расул янги қўшниларида ростакамига хафа бўлди. Гапирай дерди-ю, ҳаммаси кап-катта одамлар. Устига-устак, ўзи ҳали янги. “Кеча келиб, ақл ўргатяпсанми?” дейишлари аниқ. Шунинг учун ичидаги гапларни аёлига айтиб бироз енгил тортди. Аёли ҳам кўнгли бўш одам эмасми, “Эртага сомса, ширинликлар пиширмоқчи эдим. Албатта, уларга ҳам олиб чиқиб бераман”, деб куйиниб қолди. 

— Дадаси, — деди аёли кечга томон эрини ғалати алфозда қарши оларкан. — Қобилжон аканинг аёли жуда ғаройиб экан. Мен уларга олиб чиққан сомсаларни, пишириқларни ташлаб юборибди. Ахлат қутисида кўриб алланечук бўлиб кетдим. Сал эса ногоҳ телефонда гаплашаётгани қулоғимга чалинди: “Янги қўшни менга ўқитилган сарқитларни олиб чиқибди”, деётганди…

Расул ака Қобилжон аканинг хотиндан ҳам ёлчимаганига баттар эзилди. Шу бўлди-ю, Расул ака учун Қобилжон ака маҳалланинг энг ювош, энг бечора одамига айланди.

Кўчиб келган уйи таъмирга муҳтож экани сабаб иморат бошлаган Расул ака, албатта, қўшниси Қобилжон аканинг ҳам деворларини оқлаб, чиройли қилиб беришни дилига тугди. Аммо кўп ўтмай…

— Ҳар куни шанғур-шунғур. Келмасларингдан маҳаллани бошингга кўтардиларинг. Мен шовқинда ухлолмайман, қурилиш-пурилиш бўлмайди, йўқот!

Уйига жанжал кўтариб кириб келган ён қўшниси Қобилжон акани Расул ака бир муддат танимай қолди. “Балки чиндан шовқинни кўтара олмас” дея яхши гумон қилишга уринса-да, деярли ҳар куни қўшнисининг “янги қирралари”ни кашф қиларди. Маҳаллага келган ахлат йиғувчи борми, солиқчиларми, адашиб кўчага кириб қолган машинами — барчаси Қобилжон акадан ҳақорат эшитиб олар, аёли ҳам доим ҳамманинг устидан турли жойларга мурожаат ёзарди. Расул ака ўзининг устидан ҳам ариза тушгани ҳақида эшитиб лол қолди. Маҳалланинг энг “бечора” одами уни ҳайратга солар ва у яшаётган уйининг аввалги эгаси нега бунчалик арзон нархга, савдолашмай уйини сотишга рози бўлганини англарди. Қобилжон аканинг қимтинибгина юришлари, маъюс қарашлари шунчаки ниқоб эканини Расул ака тушуниб етди. Ва бошқа қўшнилар сингари ундан узоқроқ юриш энг тўғри йўл эканига ишонч ҳосил қилди.

Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
+-6.03° tumanli
Валюта курси
11320.02
USD 27.33
12334.29
EUR 46.71
164.02
RUB 0.16
1