Sevimli

“Қирқ ёшимда ёшгина қиз мени чув туширди...”

МУТОЛАА 05.06.2022, 22:40
“Қирқ ёшимда ёшгина қиз мени чув туширди...”

Қирқ ёш эркак-аёл учун бошқача жаранглайдиган, инсон ҳаётидаги иккинчи ўсмирлик даври дейишса, ишонмасдим. Аммо қайсидир маънода бу гаплар рост экан. Турмуш ўртоғим билан жиққа-мушт бўлиб юрган кезларим эди. У мендан, мен ундан камчилик қидираверардик. Ўртамиздаги илиқлик йўқолиб, чиройли муносабатларимиз ўрнини аламзадалик эгаллагандай эди. Совуқчиликлар сабабми билмайман, уйга ҳам боргим келмас, нуқул ишхонамизнинг орқа тарафидаги шинамгина қаҳвахонада китоб ўқиб ўтирардим. Қишдан ўтиб, баҳорга кираётган шаҳарни ўзгача тароват эгаллаганди. Шу пайт қаҳвахонага йигирма уч ёшлар чамасидаги қиз кириб келди. Унинг дид билан кийинганига, нозик қоматидан кўз узолмай қараб қолдим. У ҳам мен томонга кулиб боқди. Ҳаяжонланиб кетдим.

— Кечирасиз, адашмасам сиз бу қаҳвахонага тез-тез кириб турасиз-а? Менга ширинлик танлашда ёрдам беролмайсизми? — хумор кўзларини пирпиратиб жилмайди.

— Албатта, менга мана бу ёқади.

— Ростданми? — у шаддодлик билан кулганча ёнимга ўтириб олди. — Шунисидан тез-тез ейсизми?!

Мени бошдан-оёқ тер босганди. Ҳаётимда ҳеч қачон бегона қиз бунчалар ўзгача боқмаганди менга. Қолаверса, унинг ўзини жуда эркин тутиши, кўзларимдан кўзини узмай, жуда яқин масофадан менга гапириши эс-ҳушимдан айраётганди. Биз ўша куни бирга ширинлик едик. Унга бошқа ширинликлардан ҳам олиб бердим, мен билан мамнун ҳайрлашди. Ва кетар чоғда телефон рақамларимизни алмашдик.

Уйга келдиму фақат у ҳақида ўйлай бошладим. Қизнинг ҳар бир ҳаракати ҳудди киноактрисаларини эслатар, у менда таърифлаб бўлмас ҳиссиётларни уйғотганди. Ўзимга ўзим “Шундай чиройли ва бетакрор қиз нега мен билан бунчалик очилиб суҳбатлашди? Ёки у ҳамма билан шундаймикан? Ёки шунчаки илтифот кўрсатдими? Унда нега рақамини берди?” деган саволларни берар, ичимга сиғмай кетардим. Эртасига ўзимда базўр куч топиб қўнғироқ қилдим. У мени сайрга таклиф қилди. “Наҳотки мен унга ёқиб қолганман? Худди йигирма йил аввалгидай учрашувга чиқаманми?!” Саволларим билан кунни кеч қилиб, у билан сайрга чиқдим. Сайр вақтида у мени яна ва яна ҳайратга солди. Унинг ноз-карашмалари, бир гапириб ўн кулиши олдида мутлоқ довдираб қолгандим.

— Дўкондан кўйлак олишим керак эди. Менга танлашиб юборинг, илтимос.

Ҳаётимда аёл кишига кўйлак танлашмаган мендай қайсар эркак, қизнинг ортидан кириб унга танловда ёрдам бердим. Кассанинг олдига борганимизда у менга жилмайганча қараб тураверди. Мен ҳам соддалигим учун либоснинг пулини тўлашимга ишора қилинаётганини тушунмай тураверибман.

— Нақд пулми ёки карта? — сўради сотувчи қиз.

Мен эса хаёлларимни ўғирлаган парирўйга боқиб туравердим. Шу пай тунинг очилиб турган юзи бирдан буришди, қовоқлари уйилиб сумкасидан пул чиқарди. Мен ҳали ҳам нима бўлаётганига тушунмаётгандим. У эса кийимлари жойлаштирилган пакетни жаҳл билан сотувчидан тортиб олди-да, тез-тез юриб мендан узоқлашиб кетди.

— Тинчликми, шошманг… Илтимос, шошманг…

— Сотувчи қизнинг ёнида мени уялтирдингиз, модомики ҳеч нарса олиб беролмас экансиз, нега мен билан дўконга кирасиз?

Ҳеч нарса деёлмай қолдим. Чиндан ҳам мутлоқо гапимни йўқотдим. Қиз эса илдамлаб кетди. Қўнғироқларимга жавоб бермай кечаси билан мени куйдирди. Саҳаргача ухламай чиқдим. Эртаси куни уни қаҳвахонага минг бир ялинишлар билан таклиф қилдим.

— Агар яна ўша сотувчининг ёнига кириб, айбингизни ювиб бермасангиз, сиз билан гаплашмайман!

Гарчи унинг гаплари мени шубҳага солаётган бўлса ҳам, ҳиссиётлар кўзимни кўр қилганиданми, буларнинг барини қабул қилардим. Биз дўконга кириб, унга бошдан-оёқ кийимлар сотиб олдик. Икки хил сумка ҳам олаётганини кўриб, рафиқамнинг тунов куни айтган гапи миямда жаранглаб кетди: “Жилла қурса бир донагина сумка олиб беринг, қаранг, четлари чириб тушган сумкада юрибман”. Ютиниб қўйдим. Ойлигимнинг барини сотувчи қизга узатдим. Ёнимдаги парирўй эса мамнун кулиб турарди. Уни уйига кузатиб қўйишимни сўраганимда рози бўлмади.

— Тушунаман, таниш-билиш орасида қирқ ёшли чол билан юришга уяляпсиз-да, шундайми?

— Сиз ҳеч ҳам чол эмассиз. — деди у маноли жилмайиб. — Аксинча эркак киши қирққа кириб ёшаришни бошлайди.

Унинг гапи бағримга шамолдай ёқимли бўлиб кирди. Таъсирланиб кетдим. Сарфлаб юборган ойлик маошимга ҳам ачинмай, уйим томон йўл олдим.  

— Бозорлик қилиб келмадингизми? Ахир икки ҳафтадан бери айтаман, туғилган кунингиз муносабати билан меҳмон чақирамиз деб, — уйга келишим билан рафиқам асабийлашиб кутиб олди. — Қирққа чиққан одам ҳам шунчалик маъсулияциз бўладими?

Ўша он аёлимдан негадир нафратланиб кетдим. Эҳтимол у айнан “қирқ ёш”га урғу бергани учун ҳам аламдан ёнгандирман.

— Менга ҳеч қандай туғилган кун керак эмас, тушундингми? Кейин эркак киши қирққа кирганида ёшара бошлайди!

Эс-хаёлимни ўғирлаган қизнинг гапларини қайта-қайта такрорлаб кунларни ўткиза бошладим. Гўё севиб қолгандай, ҳеч тугамас баҳор фаслида юргандай эдим. Аёлимдан уялмасам ҳам, қизга оилали эканимни айтмаганим учун ўзимча эзилардим. Унга бор гапни айтганимда эса у менга жилмайиб тураверди. Ишим осон кўчганидан шод бўлиб, унга севги изҳори қилдим. Ўзимдан деярли ўн беш ёш кичик қиз менга рўйхушлик билдираётгани учунми ўзимни ёш ҳис қилардим. Ҳатто шу туфайли мендан катта пул қарзга сўраганида ҳам ҳеч иккиланмай беришга қарор қилдим. Беш йилдан буён хотиним иккимиз ўзимиздан ҳам аяб йиғаётган пулларимизни олдим-у, қўлларига тутқаздим. Кейин эса…

Ундан нақд бир ой хабар бўлмади. Қўнғироқ қилсам, рақами ўчиқ, манзилини эса билмайман. Ўлай агар у ҳақида ёмон гумонга борган бўлсам, фақатгина хавотир эзди мени. Аммо уни узоқдан бошқа эркак билан кўргач… Ёнига югуриб бориб тўпалон кўтарганим ҳали ҳам эсимда. Ўзимни ёш боладай тутиб, ёнидаги одам билан ёқалашиб ҳам олдим. У аҳмоқ эса худди менинг кўйимга тушиб, қизгинани дўконма-дўкон айлантириб юрган экан. Ҳаммасидан ҳам ўзимиздан қизғаниб йиққан пулларимизни унга қўш қўллаб топшириб юборганим алам қилади менга. Бироқ бир нарсадан, оилам бундан хабар топмаганидан хурсандман. Бундан ташқари, ана шундай ёлғончи қизнинг нағмаларига йиллаб алданиб юрмаганим, унинг асл юзини эртароқ кўрганим учун ҳам шукр айтишим керак.

Ҳозир руҳиятимда қирқ ёшнинг алами йўқ. Инсон неча ёшда бўлишидан қатъи назар аҳмоқликни исталган ёшда қилиши мумкинлигини менга айнан мана шу қирқ ёшим ўргатди.

Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА ёзиб олди

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Тошкент
+18.97° app.облачно с прояснениями
Валюта курси
11004.94
USD -9.07
10783.74
EUR 108.96
192.98
RUB 1.18
1