АсосийЖАМИЯТ

Коррупция: мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар кўрсаткичи етарли даражадами?

Коррупция сабаб жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилиги юзага келадими,...

'Коррупция: мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар кўрсаткичи етарли даражадами?'ning rasmi

Коррупция сабаб жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилиги юзага келадими, коррупция сабаб мамлакат тараққиёти издан чиқадими?! Мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар кўрсаткичи етарли даражадами?! Коррупцияга қарши курашишда, биринчи навбатда, нималарга эътибор қаратиш зарур? Бу ҳақда юридик фанлар доктори, профессор Шерзод Зулфиқоров атрофлича тўхталиб ўтди.

Тан олиб айтиш лозимки, давлат ва жамият тараққиётининг асосий кушандаси — сўзсиз коррупция ҳисобланади. Бу энди гуркираб ўсаётган мевали дарахт илдизига болта ургандай гап. Коррупция нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё давлатлари дуч келаётган энг тубан муаммолардан биридир. Коррупция жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмай қолмайди.

Дарҳақиқат, охирги йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат олдида турган асосий ва энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқларда коррупция таълим, соғлиқни сақлаш, қурилиш соҳаларида кўплаб содир бўлмоқда, деган иддаолар учрамоқда. Энг ачинарлиси, яқин уч ой ичида ҳоким ёрдамчилари ер олди-сотдиси, ноқонуний жойларга иншоотлар қуриш каби масалаларда ёрдам бераман деб, коррупцион ҳолатларга йўл қўйгани жамоатчиликнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда. Давлат уларга ишонч билдириб, масъул лавозимга тайинласа-ю, бироз ўтмасдан туриб, улар бундай салбий иллатларга йўл қўйса, бу жудаям ачинарли ҳолат. "Ойни этак билан билан ёпиб бўлмайди", "Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади", деган ҳаётий нақллар бежиз айтилмаган. Ҳоким ёрдамчиларига маҳаллалардаги аҳолини иш билан таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантиришга кўмак бериш, камбағалликни қисқартириш вазифаси қўйилса-ю, уларнинг қилаётган ишига қарасак, тушуниш қийин! Нафс балоси тийилмас экан, бунга қарши курашиш ниҳоятда мушкул бўлади.

Мамлакатимиз 2008 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига қўшилди, бу эса давлатдан катта масъулият ва тегишли вазифаларни бажаришни талаб этади.

Эътибор қаратадиган бўлсак, “Transparency International” халқаро ташкилотининг 2021 йил учун Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 2020 йилга нисбатан 6 поғонага юқорилаб, 180 давлат ичида 140-ўринни эгаллади. Энг илғор давлат ўнталигига эса, Дания, Финляндия, Янги Зеландия, Норвегия, Сингапур, Швеция, Швейцария, Нидерландия, Люксембург, Германия давлатлари киради. Бу кўрсаткичлар ҳам айтиб турибдики, ҳали олдимизда бу иллатга қарши курашиш учун кенг жамоатчилик олдида анча вазифалар турибди.

Қайд этиш лозимки, охирги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши, Олий Мажлис палаталарида қоррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ алоҳида қўмиталар тузилди. Қолаверса, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тизими тубдан такомиллаштирилиб, Президентнинг Халқ ва Виртуал қабулхоналари, ишонч телефони ҳамда ҳар бир вазирлик ва давлат идораларининг ишонч телефонлари, виртуал қабулхоналари ташкил қилиниб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш учун барча даражадаги раҳбарларнинг “сайёр қабуллари”ни ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – давлат бошқаруви тизимида “инсон омили”ни камайтириш учун давлат ва жамият бошқарувига ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўзининг кўплаб нутқларида ҳам, коррупциянинг нафақат оқибатларини, балки сабабларини олдиндан бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар амалга оширишни алоҳида таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, мазкур иллатга қарши биргина Президент, тегишли ваколатли органлар вакиллари шуғулланган билан юқори натижага эришиб бўлмайди. Бунинг учун жамият биргаликда курашиши лозим, шундагина юксак мақсадларни мўлжалллаш мумкин. Энг аввало, коррупцияга қарши курашишни оиладан бошлаш даркор. Бу борада ота ва онанинг оилавий тарбиядаги ўрни ва роли ўлчанмас даражада юқори ҳисобланади. Фарзандни тўғриликка, ҳалолликка, тоза луқмага ёшликдан ўргатса, бунинг натижадорлиги, албатта, жамиятда сезилади. Масалан, Германияга ишчи гуруҳ аъзоси сифатида борганимизда, баъзи давлат хизматчилари коррупция нималигини тушунмади, ҳаттоки бу тушунчани эшитмаганини ҳам айтди. Биз ётиғи билан тушунтирганимиздан кейин улар: “биз ўз иш ўрнимиздан айрилишдан қўрқамиз ва шунинг учун ҳам бунга қўл урмаймиз”, деган фикрларни айтишди. Кўрганимиздек, масъулият, жавобгарлик, ўз ишига содиқлик ҳамда қонунга итоаткорлик юқори даражада. Савол туғилади, бизда-чи? 

Мисол учун, намуна сифатида айтиладиган Сингапур давлати Ли Куан Ю раҳбарлигида ҳалол марказий куч, жазонинг муқаррарлиги ҳамда давлат хизматчиларининг меҳнатига яхши ҳақ тўлаш ва уларнинг ҳалол меҳнатини рағбатлантириш тамойиллари орқали коррупцияни йўқ қилиш бўйича муваффақиятга эришган.

Таъкидлаш лозимки, 2022 йилдан бошлаб, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига янги ваколатлар берилди. Эндиликда агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг электрон маълумотлар базаларидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотларни олиши ва жиноят ишини қўзғатиш ёки бошқа чораларни кўриш учун коррупция фактлари тўғрисидаги хабарларни юбориш ва натижалари бўйича қабул қилинган қарор тўғрисида маълумотни талаб қилиши мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Конституциямизда мансабдор шахсларнинг мол-мулк декларацияларини ўз вақтида топширилишини назорат қилиш, уларнинг қонунийлигини текшириб бориш, уларнинг очиқлигини таъминлаш, коррупцияга қарши тарбияни оиладан, мактабгача таълим муассалаларидан бошлаш, яъни фарзандларимизни болалигидан коррупцияга қарши муросасиз тарбиялашни белгилаб қўйиш орқали эртамизнинг нурли келажагини таъминлаган бўламиз. Қолаверса, кўплаб ўрнак оладиган халқлар сингари биз ҳам, халқ руҳиятини соғломлаштириш, диний қадриятларни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий онгини юксалтириш, ватанпарварлик мафкурасини онгга сингдириш орқали миллий тараққиётга эришишимиз мумкин.

    Бошқа янгиликлар