АсосийСИËСАТ

Суюлтирилган газ таъминоти ислоҳ қилинади: эҳтиёжманд оилаларга компенсация берилади

Айни пайтда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига газ имтиёзли нархларда сотилмоқда.

'Суюлтирилган газ таъминоти ислоҳ қилинади: эҳтиёжманд оилаларга компенсация берилади'ning rasmi

Суюлтирилган газ таъминоти ислоҳ қилинади: эҳтиёжманд оилаларга компенсация берилади

Президент Шавкат Мирзиёев аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳозирда Ўзбекистонда қарийб 3,8 миллион аҳоли ва 2 мингга яқин ижтимоий соҳа объекти суюлтирилган газдан фойдаланади. 2026 йилда уларнинг эҳтиёжлари учун 604,8 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган.

Бироқ амалдаги тизимда муаммолар сақланиб қолмоқда. Айрим ҳудудларда газ белгиланган муддатда етказиб берилмаётгани сабабли аҳоли қўшимча эҳтиёжини автомобилларга газ қуйиш шохобчаларидан бозор нархида қондиришга мажбур бўлмоқда.

Таҳлилларга кўра, суюлтирилган газни 46 кундан ортиқ кутиб олаётган истеъмолчилар улуши 22 фоизни ташкил этади. Бу айрим оилаларнинг бир ойлик харажати белгиланган нархдан бир неча баробар ошиб кетишига олиб келмоқда.

Айни пайтда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига газ имтиёзли нархларда сотилмоқда. Бироқ газни ишлаб чиқариш, импорт қилиш, харид қилиш ва етказиб бериш харажатлари билан белгиланган нарх ўртасидаги фарқни қоплаш учун бюджетдан ажратиладиган субсидияларга эҳтиёж ортиб бормоқда.

“LPG-Trade” ташкил этилади

Муаммони ҳал қилиш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти таъсисчилигида “LPG-Trade” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш таклиф қилинмоқда.

Янги тузилма суюлтирилган газни биржа орқали харид қилиб, уни белгиланган тартибда аҳолига етказиб беради. Бу орқали газнинг чакана нархини белгилашда иқтисодий жиҳатдан асосланган механизмларни жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Бунда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига харид қилинган суюлтирилган газнинг ҳар бир килограми учун компенсация тўланади.

Яъни давлат томонидан ажратиладиган маблағлар умумий субсидия шаклида эмас, балки аниқ истеъмолчига йўналтирилади.

Ижтимоий соҳа объектлари учун эса суюлтирилган газни биржа нархида харид қилиш ва аҳолига белгиланган нархда сотиш ўртасида юзага келадиган фарқни республика бюджети ҳисобидан қоплаш таклиф этилмоқда.

Андижонда хусусий операторлар жалб қилинади

Суюлтирилган газ етказиб беришда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳам режалаштирилмоқда.

Хусусан, Андижон вилоятида хусусий операторларни жалб қилган ҳолда пилот лойиҳа амалга оширилади. Операторлар зарур лицензия ва рухсатномаларга, малакали муҳандис-техник ходимларга эга бўлиши шарт.

Хизматларни камида икки оператор кўрсатиши, истеъмолчилар учун мобил илова ва онлайн хизматлар ишга туширилиши белгиланган.

Шунингдек, аҳоли сони ва ҳудудий масофалардан келиб чиқиб, шаҳарсозлик нормалари ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган шохобчалар ташкил этилади.

Кейинчалик ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий этиш имконияти кўриб чиқилади.

Президент мутасаддиларга суюлтирилган газ етказиб бериш графигини қатъий йўлга қўйиш, ҳисоб-китобларни рақамлаштириш, тақсимотда шаффофликни таъминлаш ҳамда сунъий тақчиллик ва асоссиз нарх ошишининг олдини олиш бўйича топшириқлар берди.

Шунингдек, эҳтиёжманд аҳолига компенсацияларни ўз вақтида тўлаш, газ тўлдириш иншоотлари ва ташиш жараёнида хавфсизлик талабларига риоя қилиш ҳамда хусусий операторлар фаолияти устидан самарали назорат ўрнатиш вазифаси қўйилди.

Таъкидланишича, ислоҳотлар натижасида суюлтирилган газ таъминотида шаффоф ва барқарор тизим шаклланиши, етказиб бериш муддатлари қисқариши ва бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш таъминланиши керак.

    Бошқа янгиликлар