Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева “Ўзбекфильм” киностудиясига бориб, унинг жорий ҳолати ва фаолияти билан танишди. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Саида Мирзиёевага кўра, қарийб бир аср давомида халқнинг тарихи, тақдири, орзу-армонлари ва кечинмаларини экранда акс эттириб келган “Ўзбекфильм”ни замонавий Ўзбекистон кино индустриясининг миллий бренди ва таянч марказига айлантириш мақсад қилинган.
Бунинг учун кино соҳасидаги бошқарув тизимини ўзгартириш зарурлиги таъкидланган. Бундан буён давлат фильмларнинг ижодий жараёнига аралашадиган буюртмачи эмас, балки соҳани ривожлантириш ва молиявий қўллаб-қувватлашга хизмат қиладиган стратегик ҳамкор сифатида иштирок этиши белгиланмоқда. Хусусий киностудиялар, мустақил продюсерлар ва ижодкорлар эса кино индустриясининг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланиши керак.
Қайд этилишича, кино ишлаб чиқаришдан тортиб уни томошабинга етказишгача бўлган жараён — молиялаштириш, дистрибуция, прокат, фестиваллар ва экспорт тизими замонавий талаблар асосида янгиланади.
Шунингдек, миллий кино меросини сақлаш, реставрация қилиш ва рақамлаштириш тизими кучайтирилади. Янги авлод ижодкорларини тайёрлаш ҳамда халқаро тажриба алмашинуви учун имкониятлар кенгайтирилади.
“Энг муҳими, соҳада профессионал муҳит ва ўзини ўзи бошқариш маданияти шаклланиб, киноижодкорнинг фикри, тажрибаси ва касбий обрўси муносиб қадрланиши керак”, — дейди Саида Мирзиёева.
Ташриф якунида Саида Мирзиёева Абу Али ибн Синонинг болалиги ҳақидаги тарихий фильм суратга олинаётган майдонда ҳам бўлди. Ундаги улкан декорациялар ва ижодий жамоанинг меҳнати унда катта таассурот қолдирган.
“Ижодий жамоага омад тилайман. Премьерада кўришгунча!” — дея ёзган Президент Администрацияси раҳбари.






