Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкентдаги Замонавий санъат маркази — CCA Tashkent очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Мирзиёеванинг таъкидлашича, марказда кўргазма заллари, кутубхона, концепт-стор, таълим майдонлари, шунингдек, учрашув ва тадқиқотлар учун жамоат ҳудудлари ташкил этилган. Унинг сўзларига кўра, марказнинг кенг қамрови уни Марказий Осиёда шу турдаги биринчи рақамли мажмуага айлантирмоқда.

Янги маданий кластер 1912 йилда қурилган собиқ дизель электр станциясининг тарихий биносида жойлашган. Иншоотнинг меъморий трансформацияси дунёга машҳур «Studio KO» бюроси томонидан амалга оширилган.

Марказда кўргазмалар, илмий тадқиқотлар, маърузалар, очиқ мулоқотлар, фильм намойишлари, концертлар ва перформанслар ўтказилади.

Саида Мирзиёева CCA Tashkent маҳаллий ижодкорлар, кураторлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб, ўзбекистонлик истеъдод эгаларининг янги аудиторияга чиқиши ва хорижда танилишига хизмат қилишини қайд этди.

Унинг таъкидлашича, лойиҳа Президент ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг саъй-ҳаракатлари натижасида амалга оширилган.






