Бухоро вилоятида 211 та маъмурий жаримаси бўлган Tracker автомашинаси аниқланиб, вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилди.
Бухорода ўтказилган рейдлар давомида 2,6 миллиард сўмлик 114 та ижро ҳужжати бўйича қарздорларга тегишли 98 та автотранспорт воситаси жарима майдончасига қўйилган. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси хабар берди.
Маълум қилинишича, рейдлар давомида 741 миллион сўмлик 70 та ижро ҳужжати бўйича қарздорликни ундириш амалда таъминланган.
Хусусан, Ромитан туманида яшовчи фуқарога тегишли Tracker 2 автомашинаси йўл ҳаракати қоидаларини бузгани аниқланган. Ҳайдовчи 211 марта қоидабузарлик содир этган бўлиб, унга жами 137 миллион сўмлик маъмурий жарима ҳисобланган.
Қидирув тадбирлари давомида автомашина топилиб, вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Айни пайтда қарздорларга тегишли қидирувдаги автотранспорт воситаларини аниқлаш бўйича рейдлар давом эттирилмоқда.






