АсосийЖАМИЯТ

25 млрд сўмлик давлат харидларида қонунбузилишлар аниқланди

Қўмита давлат харидлари соҳасида мониторинг ишлари давом эттирилишини маълум қилди.

'25 млрд сўмлик давлат харидларида қонунбузилишлар аниқланди'ning rasmi

Жиззах, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида умумий қиймати 25 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, Жиззах вилоятида 1,5 млрд сўмдан ортиқ давлат харидлари ўрганилиб, иштирокчиларга асоссиз талаблар қўйилгани ва талабгорлар нотўғри баҳолангани аниқланган.

Хусусан, Арнасой туман тиббиёт бирлашмасининг 588,3 млн сўмлик аутсорсинг хизмати, ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатидаги 333,1 млн сўмлик товар-моддий бойликлар, силга қарши кураш диспансерининг 420 млн сўмлик аутсорсинг хизмати ҳамда Дўстлик тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг 183,1 млн сўмлик қурилиш моллари харидида қонунбузилишлар қайд этилган.

Сирдарё вилоятидаги “Сирдарё ИЭС” филиалида ўтказилган тендерларда эса 22,5 млрд сўмлик савдода қонун талаблари бузилгани аниқланган. Мазкур ҳолат бўйича иш қўзғатилиб, масъулларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.

Фарғона вилоятида Марғилон шаҳар Ободонлаштириш бошқармасининг қарийб 1,2 млрд сўмлик, Бувайда туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасасининг 275 млн сўмлик харидларида ҳам қонунчилик талабларига риоя этилмаган.

Аниқланган ҳолатлар бўйича масъулларга мажбурий кўрсатмалар берилган, мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, материаллар судга юборилган.

    Бошқа янгиликлар

    25 млрд сўмлик давлат харидларида қонунбузилишлар аниқланди - Darakchi.uz