АсосийЖАМИЯТ

"Конституциявий ислоҳотлар референдум асосида амалга оширилади"

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституция...

'"Конституциявий ислоҳотлар референдум асосида амалга оширилади"'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан жорий йилнинг 20 июнь куни бўлиб ўтган учрашувида, конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлишини, бу “Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир” деган тамойилга тўла мос келишини, шунда ҳар бир ватандошимиз “Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям” деб юксак ғурур билан айта олишини таъкидладилар.

Таъкидлаш жоизки, референдум мамлакат миқёсида ҳар қандай ҳуқуқий акт ёки “алоҳида аҳамиятга эга бўлган бошқа масалалар” тўғрисида қарор қабул қилишдан олдин жамоатчиликнинг фикрини ифода этувчи фуқароларнинг шахсий, бевосита ва яширин баёнотидир.

“Референдум” тушунчаси суверен бошқарув ва тўғридан-тўғри халқ иштирокининг “бирга яшаши”ни назарда тутади. Референдум —сайловларда партиялар ёки алоҳида номзодларга нисбатан бериладиган овозлардан фарқли ўлароқ, маълум бир масала бўйича тўғридан-тўғри овоз бериш учун қўлланиладиган атама бўлиб, улар одатда турли масалалар бўйича сайловчиларнинг хоҳиш-истакларини акс эттиради. Референдумлар муайян ҳолатларга (масалан, мамлакат конституциясига ўзгартириш киритиш учун) ёки муайян сиёсий масалаларга (халқаро ташкилотга аъзо бўлиш ёки бўлмаслик), умуман олганда, асосий сиёсий аҳамиятга эга бўлган масалаларга нисбатан ўтказилади. 

Мамлакатимиз Конституцияси 9-моддасида ҳам жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилиши, умумий овозга (референдумга) қўйилиши белгиланган.

Шунга кўра, бугунга қадар уч маротаба референдум ўтказилган. Дастлаб 1991 йил 29декабрда Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини қўлга киритиш масаласи бўйича бўлиб ўтган референдумдаЎзбекистон халқи бир овоздан мустақилликни маъқуллаган. 

Шунингдек, 1995 йил 26 мартда Президент ваколат муддатини узайтириш бўйича умумхалқ референдуми ўтказилган. Референдум натижаларига кўра овоз берганларнинг мутлақ кўпчилиги (99,6%) амалдаги Президентнинг ваколат муддатини узайтиришни ёқлаб овоз берган. 

Сўнгги 2002йил 27январда бўлиб ўтган референдум Ўзбекистон Республикасида икки палаталик парламентни шакллантириш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколат муддатини 5 йилдан 
7 йилга ўзгартиришга қаратилган. Референдумда икки палатали парламент жорий этишга 11,3 млндан ортиқ (93.65%) киши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколат муддатини 5 йилдан 7 йилга ўзгартиришга11,1 млндан ортиқ (91.78%) киши ижобий овоз берган.

Шу ўринда, 2011 йил 12 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига тузатиш киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан ушбу муддат қайта 5 йилга ўзгартирилган. 

Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунида референдум сайловлар билан бир қаторда халқ иродасининг бевосита ифодаси эканлиги, референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади ва фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкинлиги белгиланган.

Шу сабабли бугунги кунда конституциявий ислоҳотларни эркин, демократик фуқаролик жамиятини ривожлантириш, конституциявий асосларни такомиллаштиришда айнан демократик қадриятларнинг муҳим кўринишларидан бири бўлган референдум асосида амалга оширишни бевосита тақозо этмоқда. 

Барча демократик давлатларда рефендумлар ўтказиш тартиби ҳамда унинг ҳуқуқий асослари белгилаб қўйилган. Хусусан, Туркия Конституциясида фуқаролар қонунда белгиланган шартларга мувофиқ сайлаш, сайланиш, мустақил ёки сиёсий партияда сиёсий фаолият билан шуғулланиш, референдумда қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонунлар, зарур деб топилган тақдирда, референдумга қўйилади.

Эстония Конституциясига асосан, қонун лойиҳаси ёки миллий аҳамиятга эга бўлган бошқа масала референдумга қўйилади. Халқ қарори референдумда қатнашганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Референдумда қабул қилинган қонун Президент томонидан дарҳол эълон қилинади. Референдум қарори барча давлат органлари томонидан бажарилиши мажбурийдир. Бюджет, солиққа тортиш, миллий ҳукуматнинг молиявий мажбуриятлари, халқаро шартномаларни ратификация қилиш ва денонсация қилиш, фавқулодда ҳолат эълон қилиш ёки бекор қилиш, миллий мудофаа масалалари референдумга қўйилиши мумкин эмас. Қолаверса, Конституциянинг I боби фақат референдум йўли билан ўзгартирилиши мумкин.

Франция Конституциясида мамлакат президент дипломатик, мудофаа, мамлакат бирлашиши ва миллий мамлакат тақдирига тааллуқли бошқа масалаларни муҳим сиёсаий қарор деб топса, умумхалқ референдумига киритиши мумкинлиги, қолаверса, Конституцияга таклиф этилаётган ўзгартиришлар Миллий ассамблея томонидан қабул қилинганидан кейин ўттиз кундан кечиктирмай умумхалқ референдумига қўйилиши назарда тутилган.

Хорижий давлатларнинг Конституцияларида референдумга муҳим аҳамиятга молик ҳолатларни ҳал қилишнинг сўнгги воситаси сифатида қаралишини эътироф этиш жоиз.

Шунга кўра, Комиссия таклифи асосида Парламент томонидан ишлаб чиқилган лойиҳани умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқилиши ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилиниши халқнинг мамлакат бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада кучайтиришга имкон беради ҳамда “инсон қадри учун” устувор тамойилини ҳаётга тўла татбиқ этишга хизмат қилади.

Бобуржон Донаев, 

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти маъсул ходими.

    Бошқа янгиликлар