Шу йилнинг 20 апрель куни Самарқанд ва Жиззах вилоятининг бир қатор туманларида кучли ёмғир ёғиши натижасида сел келиб баъзи ҳудудларни сув босган эди.
Сел Фориш туманининг “Эгизбулоқ” МФЙда жойлашган 260 та хўжалигига етиб борган.Уларнинг маълум қисми тўлиқ, қолгани ўрта ва енгил даражада зарар кўрган.
Кеча, 12 сентябрь куни “Эгизбулоқ” маҳалласида барпо этилган 28 хонадон эгаларига Artel компаниясининг саховат карвони етиб борди.Ҳар бир хонадон эгаларига компаниянинг махсус сертификати, яъни 6 маҳсулотдан иборат маиший техника тўпламлари совға қилинди. Хусусан, тўплам — совутгич, газ плитаси, кир ювиш машинаси, телевизор, чангютгич ва дазмолни ўз ичига олган.

Даракчи.уз мухбири тадбирда иштирок этиб, тадбир ташкилотчилари, масъуллар ва янги уй эгалари билан суҳбатлашди.
Фориш туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Абдуманнон Саидхоновнинг маълум қилишича, зарар кўрган хонадонларнинг 22 тасига намунали уйлар топширилган, фуқароларнинг ўз ҳудудидаги 6 уй янгидан қурилган, 97 хонадонга етказилган зарар қоплаб берилган. Ҳозирги кунда ушбу хонадонларда таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

“Бундан ташқари ушбу худудда мактабгача таълим муассасаси, мактаб биноси, қишлоқ врачлик пункти, маданият саройи, ички йўллар қайта таъмирланди, сел йўлида катта канал қурилди, ичимлик суви тармоқлари тортилди, ёритиш чироқлари янгидан барпо этилди”,– дейди Абдуманнон Саидхонов.

Шундан сўнг, тадбирнинг асосий қисмига ўтилди. Artel компаниясининг Ходимлар билан ишлаш бўйича департамент директори Лазизбек Маматов аҳолини шинам ва кўркам, замонавий қурилган уйлар билан қутлаб, уларга компания совғасини топширди.

“Халқимиз азалдан бирдамлиги, жипслиги билан эътироф этилади. Айнан бугунги Фориш туманида бунёд этилган уй-жойларнинг мисолида ҳам давлат идоралари, ташкилот ва йирик ишлаб чиқариш корхоналарнинг бирдамлигини кўриш мумкин. Бу жараён жаҳон тажрибасида корпоратив ижтимоий масъулият – ташкилот ва корхоналарнинг даромад олиши билан бирга, жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшиши, дейилади, — дейди департамент директори Лазизбек Маматов. — Компаниямиз хайрия ишлари билан азалдан шуғулланиб келган. Инсон қадрини улуғлаш, аҳоли турмуш тарзининг енгиллашишида кўмак бериш, қолаверса, илм-фан, спорт, китобхонлик ва бир қанча ижтимоий жараёнларда камарбаста бўлиб туришни ўз олдимизга мақсад қилганмиз. Бугунги хайрияларимиз ҳам оилаларнинг янги уйларига тўёна бўлади деган умиддамиз”, — дейди у.

Янги уй ва янги техникаларни қабул қилиб олган уй эгаларининг юзида табассум, кўзида қувонч, эртанги кунга ишонч уйғонди.
“20 апрель куни уйимизда кичик тадбиримиз бор эди. Шуни бошлаймиз деб турганимизда бирдан тўфон бошланди. Кўчага қарасак ҳамма нарса оқиб келяпти, қўшниларимиз ҳам бор эди. Сувга тушиб қутқармоқчи бўлдим. Мактабда 40 йил жисмоний тарбиядан дарс берганман. Бола чақамизни деразаларнинг устига чиқардик, уйимиз сувга тўлди. Сел 45 минут оққан бўлса, шунгача чиқолмадик. Бемакон қолгандик. Ҳукуматимиз ташлаб қўймади. Мингдан минг розимиз. Уйлар қуриб берди. Artel компаниясига ҳам раҳмат. Талофат бўлган илк кунлардан холимиздан хабар олиб турди. Бугун энг керакли техникалар билан таъминлади”,– дейди Зулайҳо Пардаева.

“Ўша куни иккита фарзандим, қайнотам билан уйда эдик. Катта ўғлим мусобақада эди, хўжайиним ишда эди. Ошхонамиз деразасидан сув келаётганини кўриб қолдим. Сувни кўплигидан қочишга улгурмадик. Амаллаб жон сақладик...
Ҳозир кайфиятимиз яхши, қийин кунларимиз ортда қолди. Давлат уй берди. Бугун эса Artel компанияси бизга керак бўладиган техникаларни совға қилди. Қувондим, рости. Сабаби янги уйимиз учун на газ плитамиз, на савутгичимиз бор эди. Шу воқеалар сабаб дунёда яхши инсонларнинг, ташкилотларнинг кўплигига гувоҳ бўляпман.

Эндиги ниятимиз фарзандларимизни ўқитиб, илмли одамлар қилиш”,– дейди Usmonova Farida.
Эслатиб ўтамиз, Artel Марказий Осиёнинг энг йирик маиший техника ва электроника ишлаб чиқарувчи корхонаси ҳисобланади. Компания ўз фаолиятини 2011 йилда газ плиталарини ишлаб чиқаришдан бошлаган. Бугунги кунда Artel компанияси хонадонингиз учун зарур бўлган барча турдаги маиший техникаларни ишлаб чиқаради.






