АсосийЖАМИЯТ

Эрта никоҳни яширганлар жаримага тортилиши мумкин

Ўзбекистонда 16 ёшга тўлмаган қизларнинг эрта никоҳи ва ҳомиладорлиги ҳолатлари ҳақида хабар бермаган шахсларга ҳам жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.

'Эрта никоҳни яширганлар жаримага тортилиши мумкин'ning rasmi

Ўзбекистонда эрта никоҳ ва 16 ёшга тўлмаган қизларнинг ҳомиладорлиги ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳасида сўз боради.

Лойиҳага кўра, фуқаролар ва ходимларга 3–5 БҲМ, яъни 1,32 млн сўмдан 2,2 млн сўмгача, мансабдор шахсларга эса 5–10 БҲМ — 2,2 млн сўмдан 4,4 млн сўмгача жарима қўлланиши мумкин.

Ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такрор содир этилса, жарима миқдори фуқаролар ва ходимлар учун 5–10 БҲМ, мансабдор шахслар учун 10–15 БҲМгача оширилади.

Жавобгарлик фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ФҲДЁ, таълим ва тиббиёт муассасалари ҳамда диний ташкилотлар вакилларига ҳам тааллуқли бўлиши мумкин. Улар эрта никоҳ, 16 ёшга тўлмаган вояга етмаганларнинг ҳомиладорлиги ва бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳақида ички ишлар органлари ҳамда "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларига хабар бериши лозим.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси 19 сентябрга қадар давом этади.

    Бошқа янгиликлар