АсосийЖАМИЯТ

Фуқаролар энди Халқ қабулхонасига берган мурожаатини ўзи "текширади"

Халқ қабулхонасига мурожаат қилган фуқаролар энди аризаси қандай кўриб чиқилаётганини онлайн кузатиши ва берилган жавобдан қониқмаса, уни қайта кўриб чиқиш учун қайтариши мумкин.

'Фуқаролар энди Халқ қабулхонасига берган мурожаатини ўзи "текширади"'ning rasmi

Фуқароларга ўз мурожаатларини онлайн кузатиш ва улар юзасидан берилган жавобга баҳо бериш имконини берувчи янги тизим ишга туширилди. Бу ҳақда Президент Халқ қабулхонаси хабар берди.

Давлат раҳбари топшириғи асосида Президент Халқ қабулхонаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда қайта алоқа — SMS-хабарнома юбориш хизматини йўлга қўйди.

Энди фуқаронинг мурожаати бўйича амалга оширилаётган ишлар pm.gov.uz сайтидаги шахсий кабинет орқали реал вақт режимида кузатиб борилади. Мурожаат кўриб чиқилиб, унга жавоб берилгач, фуқаронинг тизимда рўйхатдан ўтган телефон рақамига махсус ҳаволани ўз ичига олган SMS-хабарнома юборилади.

Фуқаро хабарномадаги ҳавола орқали шахсий кабинетига кириб, мурожаатига берилган жавоб билан танишади. Шундан сўнг у жавобдан қониққан бўлса, "Розиман" тугмасини босиши мумкин.

Агар жавобдан қониқмаса ёки кўтарилган масала ҳал этилмаган бўлса, "Эътирозим бор" тугмасини танлайди. Бундай ҳолатда мурожаат қайта ижрога қайтарилиб, яна бир бор кўриб чиқилади.

Тизим фуқароларга мурожаатларининг қайси босқичда эканини мустақил равишда назорат қилиш, берилган жавобга муносабат билдириш ва муаммоси ҳал этилмаган тақдирда қайта кўриб чиқилишини сўраш имконини беради.

    Бошқа янгиликлар

    Фуқаролар энди Халқ қабулхонасига берган мурожаатини ўзи "текширади" - Darakchi.uz