Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг салоҳияти ҳали тўлиқ очилмаган. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин бугун, 1 сентябрь куни Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда маълум қилди.
Путиннинг таъкидлашича, БМТ давлатлар ўртасида мулоқот, дипломатия ва ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ноёб майдон бўлиб қолмоқда. Унинг қайд этишича, ташкилот дастлаб турли давлатлар манфаатларини мувофиқлаштириш механизми сифатида яратилган ва бу вазифани сақлаб қолиши лозим.
“БМТнинг салоҳияти ҳали тўлиқ очилмагандек туюлади. Унинг фаолияти самарадорлигини ошириш, жумладан, Хавфсизлик Кенгашининг вакиллигини Глобал Жануб ва Шарқ мамлакатлари ҳисобига кенгайтириш учун ҳаракат қилиш муҳим”, деди Россия раҳбари.
Путин БМТ фаолиятини жаҳон сиёсати ва иқтисодиётида юз бераётган ўзгаришларга мослаштириш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, у ҳозирги шароитда давлатлар манфаатларини мувофиқлаштиришга қодир бошқа универсал механизм мавжуд эмаслигини айтди.
“Бутунжаҳон ташкилоти, шубҳасиз, манфаатларни мувофиқлаштирувчи асосий механизм функциясини сақлаб қолиши керак. У энг бошиданоқ манфаатларни мувофиқлаштириш механизми сифатида яратилган эди”, деди Путин.
Россия Президенти, шунингдек, БМТ Низоми бундан буён ҳам халқаро ҳуқуқнинг асосий манбаи бўлиб қолиши кераклигини таъкидлади.
Маълумот учун, 1 сентябрь куни Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисидан сўнг “ШҲТ плюс” форматида мамлакатлар етакчилари ва халқаро ташкилотлар вакиллари учрашуви бўлиб ўтди. Унда 18 та давлат ва 7 та халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди.
Шу куни Қирғизистоннинг ШҲТдаги раислиги якунланиб, ташкилотга раислик Покистонга ўтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Бишкекдаги “ШҲТ плюс” учрашувида БМТ Арманистон билан боғлиқ низони ҳал этишда ҳеч қандай роль ўйнамаганини айтган эди.






