Қозоғистон визасиз режим амал қиладиган хорижий давлатлар фуқаролари учун мамлакатга киришга рухсат берувчи пуллик электрон тизимни босқичма-босқич жорий этмоқда. Бу ҳақда Сербия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, Electronic Travel Authorization (ETA) рухсатномаси QazETA рақамли платформаси орқали расмийлаштирилади. Ариза сафардан камида 72 соат олдин топширилиши керак.
Электрон рухсатнома 180 календарь кунга берилади ва унинг амал қилиш муддати давомида Қозоғистонга бир неча марта кириш имконини беради.
Янги тизим қуйидаги тартибда жорий этилади:
25 августдан 1 ноябрга қадар тизим тест режимида ишлайди. Бу даврда хорижликлар мамлакатга электрон рухсатномасиз киритилади. Бироқ чегара хизмати ходимлари кейинги сафарда рухсатнома талаб қилиниши ҳақида огоҳлантиради.
1 ноябрдан бошлаб Қозоғистонга ҳаво орқали кирувчи хорижликлар учун электрон рухсатнома мажбурий бўлади.
15 ноябрдан Қозоғистоннинг Хитой, Туркманистон ва Ўзбекистон билан автомобиль ёки автобус орқали чегарасини кесиб ўтувчилардан ҳам рухсатнома талаб қилинади.
30 ноябрдан ушбу талаб Россия ва Қирғизистон билан автомобиль ўтказиш пунктларидаги чегара кесиб ўтишларга татбиқ этилади.
15 декабрдан эса мамлакатга поезд ва денгиз транспорти орқали кирувчилар учун ҳам электрон рухсатнома мажбурий бўлади.
Қозоғистон визасиз режим ўрнатилган давлатлар фуқаролари учун пуллик электрон кириш рухсатномаларини жорий этиши ҳақида август ойи бошида маълум қилинган эди. Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги тегишли қарор лойиҳасини эълон қилган.
Вазирлик рухсатномалар 2026 йил августидан декабрига қадар босқичма-босқич жорий этилишини билдирган. Бироқ ўша вақтда рухсатномаларнинг жорий этилиш босқичлари ва уларнинг қиймати ҳақида аниқ маълумот берилмаган.






