АсосийДУНË

Арманистонга Россия базаси керак бўлмаса, эртагаёқ чиқиб кетамиз — Путин

Путиннинг айтишича, Россиянинг Гюмридаги ҳарбий базаси тақдири Арманистоннинг хоҳишига боғлиқ.

'Арманистонга Россия базаси керак бўлмаса, эртагаёқ чиқиб кетамиз — Путин'ning rasmi

Россия Арманистонга Гюмри шаҳридаги ҳарбий базаси керак бўлмаса, уни мамлакат ҳудудидан эртагаёқ олиб чиқиб кетишга тайёр. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин 1 сентябрь куни Бишкекда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити якунлари бўйича журналистлар саволларига жавоб берар экан, маълум қилди.

Путиннинг айтишича, Россиянинг Гюмридаги ҳарбий базаси тақдири Арманистоннинг хоҳишига боғлиқ.

“Агар Арманистонга Гюмридаги Россия базаси керак бўлмаса, биз эртагаёқ кетамиз”, — деди Россия раҳбари.

Путин Арманистон билан боғлиқ ҳозирги муаммолар Тоғли Қорабоғ атрофидаги вазиятдан бошланганини айтди. Унинг таъкидлашича, Ереваннинг ўзи Тоғли Қорабоғни Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олган.

Россия Президенти, шунингдек, Арманистоннинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини бошлаганига ҳам тўхталди. У бу қарор Ереваннинг Москвага нисбатан сиёсий йўналишида ўзгариш бўлаётганини англатишини билдирди.

“Европа Иттифоқи ва Евроосиё иқтисодий иттифоқида бир вақтнинг ўзида бўлиш мумкин эмас. Агар сиз Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини бошлаш тўғрисида қонун қабул қилган бўлсангиз, демак, ниятингизни бизга билдирдингиз”, — деди Путин.

Шу билан бирга, Москва Арманистон билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирган. Путин Россия ва Арманистон ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик масаласи ҳам Арманистон халқининг хоҳишига боғлиқ эканини қайд этди.

Россиянинг Гюмри шаҳрида жойлашган 102-ҳарбий базаси 1995 йилдан буён Арманистон ҳудудида фаолият юритиб келади. Дастлаб томонлар база бўйича 25 йиллик келишув тузган. 2010 йилда эса келишувнинг амал қилиш муддати 2044 йилгача узайтирилган.

Гюмридаги база Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг бирлашган ҳаво мудофааси тизими билан ҳам боғланган.

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян 2026 йил июнь ойида Россия ҳарбий базасини мамлакатдан чиқариш режаси йўқлигини айтган эди. Бироқ у сўнгги йилларда Арманистон ҳудудида Россия ҳарбий кучларининг мавжудлиги қисқараётганини таъкидлаган.

Путин ва Пашинян 1 сентябрь куни Бишкекда ШҲТ саммити доирасида учрашди. Учрашувда икки давлат муносабатлари, Арманистоннинг Европа Иттифоқига интеграция жараёни ва бунинг Россия билан алоқаларга эҳтимолий таъсири муҳокама қилинди.

Пашинян Арманистон Россия билан муносабатларни янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини билдирган. Унинг таъкидлашича, Ереваннинг Европа Иттифоқига қўшилишга интилиши Россия ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги мавжуд келишувларни бузмайди.

    Бошқа янгиликлар