1

Ўзбекистон ва Россия ҳамкорликда "Масжид" ҳужжатли фильмини суратга олади

МАДАНИЯТ 14.09.2022, 17:20
Ўзбекистон ва Россия ҳамкорликда "Масжид" ҳужжатли фильмини суратга олади

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги ва Санкт-Петербургдаги «Лендок» ҳужжатли фильмлар студияси ўртасида Тошкент кинофестивалининг бизнес дастури доирасида меморандум имзоланди.

Фильм Россиянинг шимолий пойтахти ва Бухорони ўзаро боғлаган Бухоро амирлари ҳақида ҳикоя қилади.

“Ушбу имзоланаётган меморандумга келадиган бўлсак, «Масжид» номли мазкур ҳужжатли фильм Санкт-Петербург шаҳрида масжид қурилиши ҳақида ҳикоя қилади. Шаҳримизда бўлганлар масжид шаҳарнинг ҳар тарафидан кўриниб туринишини  билишади. Унинг қурилиш тарихи жуда ҳайратланарли. У барча мамлакатлар мусулмонлари ёрдамида қурилган. Бизнинг вазифамиз катта фильм яратиш ва у орқали Санкт-Петербург шунчаки масжид мавжуд бўлган жой эмас, балки у биз билан дўст бўлган ва биз ташриф буюрадиган барча мамлакатлар мусулмонлари учун дўстона маскан эканлигини кўрсатишдир,” - дейди «Лендок» директори Алексей Телнов.

“Йирик ҳужжатли фильмлар киностудияларидан бири «Лендок» билан ҳамкорлик Янги Ўзбекистонда кинематография соҳасида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни яна бир бор намоён этмоқда. Халқаро ҳамкорликнинг кенгайиши, жаҳон киноижодкорлари ва ҳужжатли фильм усталари учун энг қулай шарт-шароит яратилаётгани бу борадаги ишлар юксак самаралар бераётганини кўришимиз мумкин. Буни соҳага Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Республикамиз ҳукумати томонидан кўрсатилаётган эътибор ва қўллаб-қувватлов самарасидир,” – деди XIV Тошкент кинофестивали Бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, 15 сентябрь куни “Ўзбек куно куни” доирасида дунёнинг бир қатор давлатлари билан 30 га яқин ҳамкорлик шартномалари имзоланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивали жорий йилнинг 13-18 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Унда дунёнинг 40 та давлатидан, жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистондан 500 дан ортиқ кинематографлар иштирок этмоқда. Кинофестиваль доирасида 150 та бадиий, ҳужжатли ва қисқа метражли фильмлар намойиш этилади.

Тадбирлар ва фильмлар намойишининг тўлиқ жадвали билан фақатгина кинофестиваль ташкилотчисининг расмий сайти – tiffest.uz орқали танишиш мумкин.


 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1