Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида Россиядан юборилган жўнатмани қабул қилиб олаётган 17 ёшли мактаб ўқувчиси 852,2 грамм гашиш билан ушланди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ДХХ ва ИИВнинг тезкор тузилмалари билан ҳамкорликда «халқаро назорат остида етказиб бериш» тезкор тадбирини ўтказган.
Тадбир давомида 2009 йилда туғилган вояга етмаган шахс Россиядан юборилган жўнатмани қабул қилиб олаётган вақтда ушланган.
Жўнатма холислар иштирокида текширилганда, тўртта консерва қутиси ичига 852,2 грамм гашиш яширилгани аниқланган.
Шунингдек, ўсмирнинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида электрон тарозилар, гиёҳвандлик воситаларини қадоқлаш учун мўлжалланган «зип» пакетлар ва изоляцион ленталар топилган. Ашёлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Божхона қўмитаси маълумотига кўра, мусодара қилинган 852,2 грамм гашиш ўртача ҳисобда 60 минг дозадан ортиқни ташкил этади. Унинг қора бозордаги қиймати қарийб 600 минг долларга баҳоланган.
Ҳолат юзасидан Божхона қўмитаси томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






