1

Ўзбекистон ва Жаҳон банки муҳим йўналишларда шериклик қилади

ИҚТИСОДИЁТ 30.09.2022, 21:06
Ўзбекистон ва Жаҳон банки муҳим йўналишларда шериклик қилади

Шавкат Мирзиёев банки вице-президенти Анна Бьерде бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Бугун ушбу нуфузли халқаро молиявий институт билан стратегик шерикликни янада ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимиздаги энг муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини илгари суриш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, учрашув аввалида Ўзбекистон етакчиси Анна Бьерде ва Жаҳон банки жамоасини сермаҳсул ҳамкорликнинг 30 йиллиги билан самимий табриклаган.

Таъкидланганидек, биргина ўтган йилда тегишли “йўл харитаси”га мувофиқ Жаҳон банки қишлоқ хўжалиги, энергетика, экология, молия ва бошқа йўналишлар бўйича 1 миллиард долларлик 6 та устувор лойиҳанинг молиялаштирилишини маъқуллади.

Қайд этилишича, вице-президент Анна Бьерде юртимиздаги ислоҳотларнинг муваффақиятини юқори баҳолаб, банкнинг кенг кўламли шерикликни янада кенгайтиришга интилиши қатъий эканини тасдиқлади.

"Банк қишлоқ жойларда турмуш даражасини юксалтириш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш, қишлоқ хўжалигини трансформация қилиш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш, таълим ва соғлиқни сақлашни модернизациялаш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш каби муҳим йўналишлардаги янгиланишларни жадаллаштириш мақсадида экспертлик ва молиявий кўмакни янада кенгайтиришга тайёр экани таъкидланди",— дейилади хабарда.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги шерикликни муҳим йўналишларда кенгайтириш бўйича янгиланган “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олингани айтилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1