Шоир ва драматург Ҳайдар Муҳаммад вафот этди

МАДАНИЯТ 09.10.2022, 17:34
Шоир ва драматург Ҳайдар Муҳаммад вафот этди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир ва драматург, "Дўстлик" ордени соҳиби Ҳайдар Муҳаммад бугун, 9 октябрь куни 86 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Ҳайдар Муҳаммад 1936 йили Тошкентда туғилган. 1966 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг кечки филология бўлимини тугатган. 1965—1976 йилларда Ўзбекистон телерадиосида муҳаррир, 1976—1980 йилларда Маданият ишлари вазирлигида масъул вазифаларни бажарган. Шунингдек, Ҳамза номли Академик драма театрида ишлаган.

Унинг биринчи шеърий тўплами «Кўнглим менинг» номи билан 1975 йилда нашр бўлган. Шундан сўнг «Олчамнинг туғилган куни» (1978), «Йўлларингга муштоқман» (1979), «Ипак гиламлар» (1990), «Ҳазилкаш шоҳ» (Сайланма, 1994) каби шеърий ва драматик асарлари, тўпламлари чоп этилган.

«Ҳайдар Муҳаммаднинг қатор латифа, интермедия, ҳажвий ҳикоялари ‘Муштум’ журнали ва газеталарида чоп этилиб, ‘Табассум’ радиостудияси ҳамда телевизион миниатюралар театрида фойдаланиб келинади.

Республикамиз халқ театрлари адибнинг ‘Ипак гиламлар’, ‘Навоий бир куни’, ‘Улуғбек шарофати’, ‘Берунийнинг бахт эшиги’, ‘Севги жазаваси’, ‘Собир Раҳимов ва хоин’, ‘Чиройли аёлнинг илтимоси’ каби асарларини ҳам саҳналаштирган.

Ҳайдар Муҳаммад таржимасида озарбайжон драматурги Анорнинг «Занжир ёки қиёфалар» (Муқимий театри), туркман драматурги Ҳ. Мухторнинг ‘Неварали келин’ (Самарқандаги Ҳ. Олимжон номли театр), бошқирд драматурги Фарид Богдановнинг ‘Тунги меҳмон’ (Ҳамза номли ўзбек Давлат академик драма театри) каби асарлари ўзбек саҳнасига чиққан», — дейилади хабарда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1