Хонанда Фарруҳ Раимов Дилсўз билан оиласи барбод бўлганини айтиб, президентдан ёрдам сўрамоқда. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида эълон қилди.
"Ассалому алайкум, ҳурматли Шавкат Мирзиёев. Бугун қалбимга Аллоҳ солгани учун сизга видеомурожаат қилишга қарор қилдим", - дейди у нутқини бошларкан.
"Юртимизда 10-15 йилдан бери байрам тадбирларида оилавий хизмат қиламиз. Орттирган пулимизга яшаш учун жой сотиб олган эдик. Ўша ерни ўзидан-ўзи "кўтариб" бўлмайди. Ўша вақт маблағимиз етарли эмас эди. Бу ерни сотиб, биринчи бизнесимиз, яъни тадбиркорлик билан шуғулланиб кўрайлик деган мақсадда техник кўрик очишни режалаштирдик. Давлат аккредитация марказидан 4 ой давомида имтиҳондан ўтиб, энди рухсатнома олиб, ишни бошлаймиз деганимизда техник кўрикнинг баъзи шартлари ўзгарди. Бизнинг ишимиз тўхтаб, банкротга учрадик", — дейди Фарруҳ Раимов.
Хонанданинг сўзларига кўра, мазкур муаммо оиласининг бузилишига ҳам сабаб бўлди.
"Сарфлаган пулларимизнинг ҳаммаси ҳавога учиб кетди. Шундан озгина вақт ўтгандан кейин оилавий келишмовчиликлар келиб чиқди. 4 нафар фарзандим бор. Оилам ҳам барбод бўлди, шу сабабли видеомурожаат йўллашга мажбур бўлдим", - дейди у.
Раимов сўзини якунларкан, айни пайтда жуда қийин вазиятда эканини маълум қилди.
— Ҳурматли Шавкат Миромонович, менга амалий ёрдам кўрсатишингизни илтимос қиламан. Майли кимдир кулар, кимдир ачинар, лекин бу аччиқ ҳақиқат. Ҳозир жуда қийин аҳволдаман.