1

Туркиянинг "Қўрқут ота" халқаро кинофестивалида ўзбек киноижодкорлари 4 та халқаро мукофотни қўлга киритди

МАДАНИЯТ 06.11.2022, 21:16
Туркиянинг "Қўрқут ота" халқаро кинофестивалида ўзбек киноижодкорлари 4 та халқаро мукофотни қўлга киритди

1-5 ноябрь кунлари Туркиянинг Бурса шаҳрида "Қўрқут ота" туркий халқлар кинофестивали бўлиб ўтди.

Фестиваль доирасида туркий тилда сўзлашувчи 17 давлатдан ташриф буюрган киноижодкорларнинг саммити ташкил этилди, дея хабар бермоқда Кинемотография агентлиги. 

Қайд этилишича, саммитда келажакдаги истиқболли лойиҳалар,  мақсадлар муштараклиги ҳақида сўз юритилди. Киноижодкорлар ҳамкорлик учун таклиф этилаётган ўз лойиҳалари питчингини тақдим этишди. Фестиваль доирасида Тошкент шахридаги БДКИ филиали Bahcesehir University, Istanbul Film Academy ва Istanbul Nisantasi University билан халқаро алоқалар ўрнатилгани айтилади. Аҳамиятли жиҳати 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб Филиалнинг “Драматургия” таълим йуналишида Netflix Series Script махсус фани киритилади.

Яна бир эътиборли жиҳати, Россия кинематографлари туркий тилли халқларнинг миллий қаҳрамони Хўжа Насриддин ҳақидаги 16 қисмдан иборат анимацион фильм ҳақида тақдимот қилишган. Лойиҳа продюссери, муаллиф ва режиссёр Тимур Бекманбетов ҳам саммитда иштирок этиб, бу фильм Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишланаётганини, айни вақтда Ўзбекистонда анимация мактаби ижодкорлари билан биргаликда ишлаш мароқли бўлаётганини билдирган.

“Буни алоҳида таъкидлаб ўтмасам бўлмайди, бугунги кунда Ўзбекистонда кинематография соҳасига улкан даражада эътибор қаратилмоқда. Узоқ йиллар мобайнида фаолияти тўхтаб қолган Тошкент халқаро кинофестивалининг давом эттирилиши ва мамлакатда кино суратга олишда янгича ёндашув қўлланилаётгани қувонарли ҳолдир.  

"Қўрқут ота" кинофестивалида иштирок этаётган ўзбек киноижодкорлари ва ўзбек фильмлари  фестивалга ўзгача шукуҳ бағишлайди.” – деди Тимур Бекманбетов.

Маълумот учун, ушбу фестивалга 17 та давлатдан 400 дан ортиқ киноижодкорлар ташриф буюрдилар. Халқаро анжуманда Туркиядан ташқари Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон, Венгрия ва Шимолий Кипр каби давлатлардан кино усталари иштирок этишган. 57 та фильм икки йўналишда ғолиблик учун рақобатлашди. Улар орасида ўзбек киноижодкорларининг иккита картинаси ҳам танлаб олиниб, фильмларимиз юртимизга соврин билан қайтишган.  

Кинорежиссёр Дилмурод Масаидовнинг "Аёл қисмати"бадиий фильми ҳамда Фурқат Усмоновнинг "Инсон" кўп қисмли ҳужжатли фильми Гран-прига лойиқ деб топилди, дейилмоқда.

"Энг яхши ҳужжатли фильм" номинацияси бўйича "Инсон" ҳужжатли  фильми ГРАН-ПРИ билан мукофотлангани, соврин фильм режиссёри Фурқат Усмоновга топширилгани хабар берилади.

"Кинематография агентлиги буюртмасига биноан "Dilshoh media" киностудияси томонидан ишлаб чиқарилган, режиссёр Дилмурод Масаидовнинг адашиб Сурияга кетган ўзбекларни ватанига қайтариш юзасидан амалга оширилган махсус операция ҳақида ҳикоя қилувчи "Аёл қисмати" бадиий фильми эса кинофестивалнинг энг нуфузли бош соврини  "Энг яхши бадиий фильм" номинациясида ғолибликни қўлга киритиб ГРАН-ПРИга сазовор бўлди", — дейилади Кинемотография агентлиги маълумотида.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1