Фарғонадаги ИИБ муассасасида15 ёшли вояга етмаган шахснинг жасади чиққани ҳодисаси сабаб Тошкентда блогер ички ишлар вазири истеъфосини талаб қилиб, пикет уюштирди.
Маълум қилинишича, блогер ва публицист Шокир Шарипов ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истеъфосини талаб қилмоқда. У ички ишлар тизимидан норозилик шахсий сабаблар эмас, фуқаролик позицияси билан боғлиқ, дейди. Тизимни ислоҳ қилиш йўлидаги ишлар бир жойда депсиниб тургани, айниқса, ички ишлар биноларидан инсонларнинг мурдаси чиқаётгани Шариповни ташвишга солган. Қўқон шаҳар Ички ишлар бошқармасига қарашли марказда 15 яшар боланинг уриб ўлдирилгани эса блогерни пикет ўтказишга ундаган асосий омил бўлган.
"Бу чиқишимнинг фойдаси бор. Агар бундай ҳолатларга мен муносабат билдирмасам, бошқа муносабат билдирмаса, бундай ҳодисалар ҳар ким билан, мен билан ҳам содир бўлиши мумкин. Аслида 15 ёшли боланинг ўлими учун ички ишлар вазирининг ўзи ман шу ерга чиқиб, халқдан узр сўраб, истеъфо бериши керак эди. Биз бу тизимда ислоҳотлар кўрмаяпмиз, агар ислоҳотлар бўлганда эди, мен бу ерга чиқмаган бўлардим", - дейди Шокир Шарипов
Эслатиб ўтамиз, Фарғонада 15 ёшли вояга етмаган шахс жорий йил 17 октябрь куни Фарғона вилояти ИИБ муассасасида вафот этганлиги ҳақидаги хабарларкенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳолат ўрганилиб, ушбу ҳодисаси ортидан икки нафар ходим ишдан олинди.