Қирғизистондан контрабанда қилинган катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дориларни пуллаётган 7 кишига ҳукм ўқилди

ЖИНОЯТ 01.12.2022, 15:56
Қирғизистондан контрабанда қилинган катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дориларни пуллаётган 7 кишига ҳукм ўқилди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Сергели туманида ўтказилган тезкор тадбирда Шайхонтохур туманида яшовчи, 1985 йилди туғилган Р.П. 56 дона “Регапен” ва 10 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотаётган вақтда қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ "Darakchi.uz"га маълум қилди.

Шунингдек, Р.П.нинг “Кобальт” русумли автомашинаси тегишли тартибда текширилганда, 2858 дона “Регапен” ва 691 дона “Тропикамид” дори воситалари борлиги ҳам аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди томонидан у Жиноят Кодексининг 2511-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топилиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Бошқа ҳолатда эса Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида яшовчи, 1975 йилда туғилган И.И.нинг хонадони кўздан кечирилганда 77 дона “Тропикамид”, 13 дона “Регапен” ва 6 дона “Селофен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланган. 

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан И.И. Жиноят Кодексининг 2511-моддаси билан айбдор деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 

Тошкент вилоятидаги “Чинор” ЙПХ масканида Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган Б.А. бошқарувидаги “Кобальт” русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, унда 5572 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида яшовчи, 1991 йилда туғилган М.Ю. мазкур дори воситаларини Тошкент шаҳрида қабул қилиб олган вақтда ушланган. 

Шунингдек, ундан дори воситаларининг бир қисмини сотиши керак бўлган Чилонзор туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган Б.Б. ҳам қўлга олинган. 

Бундан ташқари, тегишли кўрсатмалар асосида жиноий гуруҳ етакчилари - Тошкент шаҳрида яшовчи, 1983 йилда туғилган Н.А. ва Қўқон шаҳрида яшовчи, 1996 йилда туғилган Р.М.лар ҳам ушланди. Ўз ўрнида Р.М.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда 3542 дона “Регапен” дори воситаси борлиги аниқланган. 

Таъкидлаш лозимки, ушбу кучли таъсир қилувчи дори воситалари мамлакатимизга Қирғизистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган.

Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар суди томонидан Р.М. ва М.Ю.га нисбатан 5 йил, Н.А.га 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Б.А. ва Б.Б.ларга эса 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Жиноят Кодексининг 72-моддаси қўлланилган ҳолда тайинлаган жазо шартли деб ҳисобланиб, уларга 2 йил синов муддати белгиланди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
+11.97° ҳаво очиқ
Валюта курси
11342.59
USD 25.53
12212.57
EUR -156.98
160.74
RUB -0.21
1