Андижон вилоятида тижорат банкининг ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси фуқаронинг хорижга чиқишига қўйилган тақиқни олиб ташлаб бериш эвазига пул олган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълум қилди.
Қайд этилишича, тезкор тадбир Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.
Тезкор тадбир давомида тижорат банкининг Андижон ҳудудий бошқармасида бош мутахассис лавозимида ишловчи Б.У. ушланган.
Терговга кўра, у фуқаро А.А.нинг банк кредити бўйича қарздорлиги сабаб Мажбурий ижро бюроси томонидан хорижга чиқишига қўйилган тақиқни олиб ташлаб беришини ваъда қилган.
Бунинг эвазига Б.У. фуқародан 5,5 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси, яъни фирибгарлик аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳодисанинг барча тафсилотлари, шунингдек, гумонланувчининг ваъда қилинган хизматни амалда бажариш имконияти бўлган ёки бўлмагани тергов жараёнида аниқланиши кутилмоқда.
Тергов натижаларига кўра, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади.






