АсосийЖИНОЯТ

Тошкентда SAT сертификатини ноқонуний олиб бериш билан шуғулланган гуруҳ фош этилди

Гуруҳ аъзоларидан бири сертификат олишни истаган беш нафар фуқаронинг ҳар биридан 1,5 минг доллар талаб қилган.

'Тошкентда SAT сертификатини ноқонуний олиб бериш билан шуғулланган гуруҳ фош этилди'ning rasmi

Тошкент вилоятида фуқароларга халқаро SAT сертификатини ноқонуний тарзда олиб бериш билан шуғулланган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят ИИББ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда маълум бўлди.

Тезкор тадбир давомида гуруҳ аъзолари Янгиҳаёт туманидаги хусусий мактаб биносида махсус "бункер" ташкил этгани аниқланган. Улар орасида Тошкентдаги хорижий университет филиалларида таҳсил олаётган талабалар ҳам бўлган.

Тергов маълумотларига кўра, IT соҳасидаги МЧЖ мутахассиси тизимга яширинча кириб, тест саволларини ечиш имкониятини яратган. Талабалар эса масофадан туриб, сертификат олишни истаганлар ўрнига тест саволларига жавоб берган.

Гуруҳ аъзоларидан бири беш нафар талабгордан сертификат олиб бериш учун ҳар биридан 1,5 минг доллар талаб қилган. У ҳатто улардан бирининг пул маблағини криптоҳамён орқали қабул қилишга улгурган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Тошкентда SAT сертификатини ноқонуний олиб бериш билан шуғулланган гуруҳ фош этилди - Darakchi.uz