Бугун, 13 январда Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан “QURAMAX MEDIKAL” МЧЖга фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган 2019 йил 10 декабрдаги П6580-сонли лицензия бекор қилиниши ва қўллаш учун яроқсиз дори воситалари муомаладан чиқарилиб, йўқ қилиниши белгиланди. Бу ҳақда "Darakchi.uz" мухбири Ойбек Шукуров хабар қилди.
Қайд этилишича, мазкур иқтисодий иш бўйича тарафлар эълон қилинган ҳал қилув қарори устидан қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатда шикоят қилиш мумкин.
Суднинг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ушбу ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.
Шунингдек, мазкур иқтисодий ишга доир ваколатли идора ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан қонун талаблари бузилганлиги бўйича ҳуқуқий баҳо бериш ҳақида хусусий ажрим чиқарилиб, Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилиши белгиланди. Ушбу ажрим устидан белгиланган тартибда шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда "Док-1 Макс" дори воситасидан болалар ўртасидаги ўлим ҳолатлари аниқланган эди. Шундан сўнг ССВ Ўзбекистонда "Док-1 Макс" дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олишни бошлади ва сироп иши бўйича ўрганиш натижаларини эълон қилди.
Ҳозирча, дорининг салбий таъсири оқибатида вафот этган болалар сони 21 нафарга етган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medical” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 186-3 моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахслар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Ушбу воқеалар ортидан Қирғизистонда ҳам “Dok-1 Maks” дори воситаларини сотиш тақиқланди. 30 декабрдан бошлаб эса Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Ўзбекистондаги барча дори воситаларининг савдоси тўхтатилди.
Тошкентда ҳам ўнлаб бола "Док-1 Макс, Цинепар Кид, Амбронол..." Яна 10 га яқин бола Тошкентдаги 16-шифохонага ётқизилгани хабар қилинди.
Бундан ташқари, 5 январь куни Тошкент вилоятида ҳам 4 нафар бола ушбу дорининг истеъмолидан касалланиб, даволанаётгани хабар қилинганди.
Ҳиндистон Уттар-Прадеш озиқ-овқат хавфсизлиги ва дори воситаларини бошқариш департаменти "Док-1 Макс" дорисини ишлаб чиқарувчи Marion Biotech Pvt. Ltd компаниясининг лицензиясини тўхтатди.