АсосийJamiyat

Наманганда ҳам 3 ёшли бола "Док-1 Макс" дорисидан заҳарланиб вафот этди

'Наманганда ҳам 3 ёшли бола "Док-1 Макс" дорисидан заҳарланиб вафот этди'ning rasmi

Наманганда икки кун давомида икки маҳалдан "Док-1 Макс" сиропидан истеъмол қилган 3 ёшли бола вафот этгани ҳақида ижтимоий тармоқда хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумот берди.

Қайд этилишича, вафот этган бемор Б.Қ. шифохонадан ташқари ривожланган пневмония, ўткир кечуви оғир формаси, ҳазм фаолиятини функционал бузилиши ва диспептик ҳолат ҳамда гиповолемия оғир даражаси ташхиси билан даволанган.

«Бемор 2022 йил 15 декабрь куни туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган пайтда оғир ҳолатда бўлган. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали томонидан кўрсатилган тиббий ёрдам чораларига қарамасдан у 2022 йил 21 декабрь куни вафот этган.

Бутун республика бўйлаб ‘Док-1 Макс’ дори воситасининг салбий таъсири бўйича муаммолар келиб чиқиши бошлаганидан кейин сўраб ўрганилганда, вафот этган бемор онасининг сўзидан бу бемор ҳам уй шароитида шифокор кўрсатмасисиз ушбу препаратни қабул қилгани аниқланган», — деди вилоят ССБ бошлиғи Абдулходи Иминов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда  "Док-1 Макс" дори воситасидан болалар ўртасидаги ўлим ҳолатлари аниқланган эди. Шундан сўнг ССВ Ўзбекистонда "Док-1 Макс" дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олишни бошлади  ва  сироп иши бўйича ўрганиш натижаларини эълон қилди. 

Ҳозирча, дорининг салбий таъсири оқибатида вафот этган болалар сони 20 нафарга етган. 

Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medical” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 186-3 моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахслар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.

Ушбу воқеалар ортидан Қирғизистонда ҳам  “Dok-1 Maks” дори воситаларини сотиш тақиқланди. 30 декабрдан бошлаб эса Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Ўзбекистондаги барча дори воситаларининг савдоси тўхтатилди.

Тошкентда ҳам ўнлаб бола "Док-1 Макс, Цинепар Кид, Амбронол..." Яна 10 га яқин бола Тошкентдаги 16-шифохонага ётқизилгани хабар қилинди.

Шунингдек, 2023 йил 2 январь куни Фарғонада 3 яшар бола “Док-1 Макс” сиропини ичиши оқибатида доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанаётган болакайнинг вафот этгани айтилмоқда. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазири Ўзбекистонда "Quramax" компанияси дорилари савдосини тўхтатиш бўйича топшириқ берди.

Бундан ташқари, 5 январь куни Тошкент вилоятида ҳам 4 нафар бола ушбу дорининг истеъмолидан касалланиб, даволанаётгани хабар қилинганди.

    Бошқа янгиликлар