Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигидан муддатидан олдин истеъфога чиқди. Тегишли қарор бугун, 27 январь куни шаҳар кенгаши томонидан қабул қилинган. Бу ҳақда икки мустақил манба, жумладан, йиғилишда қатнашган депутатлардан бирига таяниб "Gazeta.uz" хабар бермоқда.
Қонунчиликка кўра, сенатор ва кенгаш депутати ваколат муддати давомида дахлсизлик ҳуқуқига эга.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2020 йил январь ойида ЎзЛиДеП партиясидан 48-сайлов округидан Кенгаш депутати, сўнгра беш йиллик муддатга сенатор этиб сайланган эди. Унинг ваколат муддати 2025 йилнинг январигача ҳисобланган.
Қонунга мувофиқ, депутатнинг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан аввал тугатилади:
ўз ваколатларини истеъфога чиқариш тўғрисидаги ёзма ариза;
уни эгаллаши қонун ҳужжатларига мувофиқ депутатлик ваколатларини амалга оширишга тўғри келмайдиган лавозимга сайлаш ёки тайинлаш:
суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганлиги;
унинг эслаши;
суд томонидан уни муомалага лаёқатсиз деб топиш;
суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида уни бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш;
унинг томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганлиги;
унинг ўлими.
Алоҳида ҳолларда депутатнинг ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори билан муддатидан олдин тугатилиши мумкин. Бундай масалани кўриб чиқиш учун депутатнинг юқори мартабасини обрўсизлантирадиган хатти-ҳаракатлар асос бўлиши мумкин. Маълум қилинишича, собиқ ҳокимнинг ўзи депутатлик ваколатларини тарк этиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган.
Эслатиб ўтамиз,Президент Шавкат Мирзиёев 16 январь куни 2018 йил апрелидан буён пойтахт ҳокимиятини бошқариб келган Жаҳонгир Ортиқхўжаев истеъфога чиқишини маълум қилди. “Мен уни ўз лавозимидан олиб ташладим. Бўш гап, ёлғон ҳисобот, пастга тушмагани учун, бу уятсизнинг оёғи ердан узилгани учун уни ишдан бўшатдим”, — деган эди давлат раҳбари. Мазкур йиғилиш бўлган куни собиқ ҳоким ва унинг оиласи “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг HY 271-рақамли рейси билан Туркиянинг Истанбул шаҳрига рўйхатдан ўтгани ҳақида хабар берилди.
Шунингдек, сал аввал Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши Жаҳонгир Ортиқхўжаевга миннатдорлик мурожаати йўллади, бир муддатдан сўнг хабар ўчирилиб, у рад этилди.