Ўқитувчиларни фаолиятига боғлиқ бўлмаган тадбирларга ноқонуний жалб этганларга жазо кучайтирилмоқда

ЖАМИЯТ 02.03.2023, 14:28
Ўқитувчиларни фаолиятига боғлиқ бўлмаган тадбирларга ноқонуний жалб этганларга жазо кучайтирилмоқда

Сенатнинг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида “Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун қизғин муҳокама қилинди.

Хусусан, педагогларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга ноқонуний жалб этиш ҳолатлари давом этаётганлиги, педагог ходимлар ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва масалаларни ҳал этиш учун тузилган кўплаб ишчи гуруҳлар таркибига асоссиз киритилаётганлиги, улардан турли ҳисобот ва маълумотлар талаб этиб келинаётганлиги қайд этилди.

Муҳокама қилинаётган Қонун билан юқорида қайд этилган муаммоларга ечим топиш мақсад қилинган.

Мазкур Қонунга мувофиқ Жиноят кодексига педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳудди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма киритилмоқда.

Унга кўра таълим ташкилотининг педагог ходимини меҳнатга маъмурий тарзда қайта мажбурлаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёҳуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, шунингдек, уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш ёки қонунга хилоф равишда аралашиш, таълим ташкилоти педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Бунда Кодексдаги санкциялар фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу Қонун таълим ташкилотининг педагог ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳамда педагог ходимларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарликни кучайтиришга, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади. 

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1