Сурхондарё вилоятининг Денов туманида Cobalt автомобили газ баллонига яширилган 41 килограммдан ортиқ опийга ўхшаш модда аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат 21 август куни “Қорадори—2026” тезкор-профилактик тадбири доирасида аниқланган.
Тезкор маълумот асосида Тошкент вилоятидан Денов тумани томон ҳаракатланаётган Cobalt тўхтатилиб, кўздан кечирилган.
Текширув давомида автомобил юкхонасига ўрнатилган газ баллонидан 41 та ўрамда умумий оғирлиги 41 килограммдан ортиқ бўлган опийга ўхшаш модда топилган.
Шундан сўнг тезкор тадбир назорат остида етказиб бериш усулида давом эттирилган. Моддаларни олиб кетиш учун келган бир неча шахс, жумладан, уларни газ баллонидан кесиб олиш учун болгарка билан келган шахс ҳам қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






