АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда реал иш ҳақи 10,9 фоизга ошди

Жиззах, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида реал иш ҳақининг ўсиш суръатлари энг юқори бўлган.

'Ўзбекистонда реал иш ҳақи 10,9 фоизга ошди'ning rasmi

2026 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистонда номинал иш ҳақи йиллик ҳисобда 18,4 фоизга, реал иш ҳақи эса 10,9 фоизга ошди. Бу сўнгги йиллардаги энг юқори ўсиш кўрсаткичларидан бири бўлди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.

Қайд этилишича, ушбу даврда мамлакатда ўртача ойлик иш ҳақи 7,1 миллион сўмни ташкил этган.

Марказий банкка кўра, сўнгги вақтларда пул-кредит шароитларининг қатъийлаштирилиши инфляциянинг секинлашишига олиб келган. Номинал иш ҳақининг нисбатан барқарор ўсиши эса номинал ва реал иш ҳақи ўртасидаги тафовутнинг қисқаришига хизмат қилган. 2026 йил 1 июль ҳолатига ушбу фарқ 7,5 фоизгача камайган.

Бунда аҳоли реал даромадларининг ўсиши меҳнат бозорида иш ҳақининг ошишидан кўра, нархлар ўсишининг секинлашиши ҳисобига шаклланган. Номинал иш ҳақининг барқарор ўсиши ишчи кучи таклифининг талабдан тезроқ ўсиши билан ҳам изоҳланган.

Марказий банк реал даромадлар ўсиши келгусида ички истеъмол талабини қўллаб-қувватлаши мумкинлигини қайд этган. Бу эса инфляция босимининг кучайишига олиб келиши эҳтимоли бор.

Қайси соҳаларда маош юқори?

2026 йилнинг биринчи ярмида энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи молия ва суғурта соҳасида қайд этилган — 19,1 миллион сўм. Ахборот ва алоқа соҳасида бу кўрсаткич 17,4 миллион сўмни ташкил қилган.

Энг паст ўртача иш ҳақи қишлоқ хўжалигида — 3,5 миллион сўм, ижтимоий хизматлар соҳасида эса 4,7 миллион сўм бўлган.

Иш ҳақининг ўсиш суръати ташиш ва сақлаш соҳасида 22,8 фоизни, ижтимоий хизматларда 20,2 фоизни, қурилиш соҳасида эса 19,9 фоизни ташкил этган.

Марказий банк маълумотларига кўра, қурилиш, саноат, ташиш ва сақлаш соҳаларида иш ҳақи ўсиши сезиларли тезлашган. Бу тармоқларда ишчи кучига талаб юқори экани ва малакали кадрлар учун иш берувчилар ўртасида рақобат кучайгани билан изоҳланган.

Шу билан бирга, нисбатан кам ҳақ тўланадиган ижтимоий хизматлар ва қишлоқ хўжалигида иш ҳақи ўсишининг тезлашиши меҳнат бозорида даромадлар ўртасидаги тафовут қисқараётганини кўрсатган.

Жиззахда реал иш ҳақи энг кўп ошган

2026 йилда ҳудудлар кесимида ҳам реал иш ҳақи динамикаси яхшиланган. 2024–2025 йилларда кузатилган ҳудудлар ўртасидаги катта фарқ ва даврий тебранишлар 2026 йилга келиб қисқарган.

Жорий йилнинг ўтган даврида иш ҳақининг энг юқори ўсиши Жиззах вилоятида қайд этилган — 13,3 фоиз. Кейинги ўринларда Наманган вилояти — 11,8 фоиз ва Тошкент шаҳри — 10,7 фоиз билан қайд этилган.

Энг паст ўсиш Андижон вилоятида — 7,9 фоиз ва Қорақалпоғистон Республикасида — 8,7 фоизни ташкил этган.

Марказий банкка кўра, ҳудудларда реал иш ҳақининг ўсиши инфляция босимининг пасайиши, аҳолининг харид қобилияти яхшиланиши ҳамда меҳнат бозоридаги даромадлар бўйича ҳудудий тафовутнинг қисқариши билан боғлиқ.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистонда реал иш ҳақи 10,9 фоизга ошди - Darakchi.uz