Мамлакатларнинг бахтсизлик индекси эълон қилинди. Ўзбекистоннинг ўрни қандай?

ДУНЁ 24.05.2023, 11:24
Мамлакатларнинг бахтсизлик индекси эълон қилинди. Ўзбекистоннинг ўрни қандай?

Hanke's Annual Misery Index (HAMI) 2022 йил учун дунёнинг энг бахтли ва бахтсиз мамлакатлари рейтингини эълон қилди

Маълум қилинишича, рейтинг ишсизлик даражаси, инфляция ва банк кредитлари ставкалари йиғиндиси, аҳоли жон бошига реал ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш фоизи каби кўрсаткичларга асосланиб тузилган. Қашшоқлик индекси ғояси АҚШ Президенти Линдон Жонсон маъмурияти даврида Иқтисодий маслаҳатчилар кенгашининг раиси бўлиб ишлаган таниқли иқтисодчи Артур Окундан келиб чиққан.

Қашшоқлик индексининг бу йилги рўйхатидан 157 та давлат ўрин олган. Унда Африканинг жануби-шарқидаги Зимбабве давлати аҳолиси дунёда энг бахтсиз деб баҳоланган. Бунга сабаб сифатида эса юқори инфляция даражаси келтирилган. Мамлакатда 2020 йил 319 фоизлик гиперинфляция кузатилган. Зимбабвенинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми 20,2 миллиард долларга тенг бўлиб, бу бўйича жаҳонда 129 ўринда туради. Аҳоли жон бошига даромад 1737 доллар

Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми ўтган йилда 5,7 фоизга ўсиб, 80,3 миллиард долларга етган. Аҳоли жон бошига даромад миқдори эса 2255 долларни ташкил этган. 

Зимбабведан кейинги ўринларда Венесуэла, Сурия, Ливан, Судан, Аргентина, Яман, Украина, Куба ва Туркия каби мамлакатлар энг бахтсиз давлатларнинг ўнлигини ташкил этган. Ўнталикдаги давлатлар ичида Сурия ва Украинадаги бахтсизликка ишсизлик даражасининг юқорилиги сабаб бўлгани қайд этилган бўлса, қолган давлатларнинг барчасида инфляция даражаси юқори бўлган. 

Ўзбекистон эса рўйхатнинг 46 поғонасида жойлашиб, мамлакатнинг бахтсизлик индекси 44,4 га баҳоланган. Давлатнинг бахтсизлик даражасига энг кўп таъсир қилувчи омил эса банк кредит ставкасининг юқорилиги бўлган. Статистикага кўра, ҳозирда Ўзбекистоннинг кредит ставкаси 22,10 фоиз бўлиб турибди. 

Марказий Осиёнинг яна бир давлати Қозоғистон рўйхатда ҳам Ўзбекистон билан ёнма-ён жойлашган – 47-ўрин. Мамлакатнинг асосий муаммоси инфляциянинг юқори кўрсаткичи экани қайд этилган. Ҳозирда Қозоғистонда 14 фоиздан юқорироқ шиддатли инфляция кузатилмоқда. Ўзбекистонда бу кўрсаткич айни пайтда 11 фоизни ташкил этяпти. Қирғизистон рўйхатнинг 57-ўрнида қайд этилиб, қўшни давлатнинг асосий муаммоси ҳам Ўзбекистонники сингари банк фоиз ставкасининг юқорилиги маълум қилинган. 

МДҲ давлатларидан Беларусь – 59, Озарбайжон – 62 ва Россия 76-ўринда қайд этилган. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1