Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссен Қозоғистондан Россия билан мавжуд дипломатик алоқаларидан фойдаланиб, Украинада ўт очишни тўхтатиш ва тинчликка эришиш бўйича келишувга кўмаклашишни сўради.
Расмуссен бу ҳақда 2 октябрь куни Остонада Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди билан учрашувдан сўнг журналистларга маълум қилди.
"Мен Қозоғистондан Украинада ўт очишни тўхтатиш ва тинчликка эришиш бўйича келишувга эришиш учун Москва билан дипломатик алоқаларидан фойдаланишни сўрадим", деди Дания ташқи ишлар вазири.
Унинг таъкидлашича, Европа ҳануз хавотирда ва Дания Украинада тинчлик ўрнатилишини қўллаб-қувватлайди.
Расмуссен Қозоғистонга ташрифини ҳам ижобий баҳолади.
"Бу қисқа, аммо етарлича самарали ташриф бўлди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни, айниқса, бизнес алоқаларини ривожлантириш борасида оптимистик руҳдаман", деди у.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, музокараларда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Учрашув якунлари бўйича икки томонлама савдо, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик бўйича комиссия тузиш ҳамда икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланган.
Расмуссен, шунингдек, Даниянинг Қозоғистон билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдириб, Марказий Осиёнинг мамлакат ташқи сиёсий ва иқтисодий кун тартибидаги аҳамияти ортиб бораётганини қайд этган.






