Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи давомида Асака туманидаги “Янги ҳаёт” ҳудудида барпо этилган экотуризм мажмуасига ташриф буюрди.
192 гектар майдонда ташкил этилган мажмуа Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан давлат раҳбарининг топшириғи асосида барпо этилган. Масканда табиий муҳит ва замонавий дам олиш имкониятлари уйғунлаштирилган.
Мажмуа баланд тепаликда жойлашган бўлиб, бу ердан Асака туманининг кенг манзарасини кўриш мумкин. Ҳудудда капсула шаклидаги 4 та замонавий дам олиш уйи ва миллий услубдаги 5 та ўтов ўрнатилган.
Шунингдек, 30 гектар майдонда манзарали дарахтлар ва арчалар экилган. Оилавий ресторан, турли аттракционлар ҳамда замонавий тунги ёритиш тизими ташкил этилган.
Мажмуада сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу ерда 14 минг куб метр сиғимга эга мембранали сув ҳавзаси қурилган. Дарахт ва экинлар томчилатиб суғориш тизими орқали суғорилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 51,8 миллиард сўмни ташкил этади. Мажмуада маҳаллий аҳоли учун 275 та доимий ва 200 та мавсумий иш ўрни яратилган. Шунингдек, ҳудудда етиштириладиган узумни экспорт қилиш режалаштирилган.
Мажмуа тўлиқ қувват билан ишга тушгач, йилига 80 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатиш ҳамда маҳаллий бюджетга 3 миллиард сўм тушум таъминлаш кутилмоқда.
Жорий йил якунига қадар тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилаётган “Узум боғи” мажмуаси Андижон вилоятидаги сайёҳлик масканларидан бирига айланиши кўзда тутилган.
Ташриф давомида давлат раҳбари вилоят фаоллари ва меҳнат фахрийлари билан дастурхон атрофида суҳбатлашди. Мулоқотда Андижонда амалга оширилаётган янгиланишлар, аҳоли фаровонлигини ошириш, маҳаллаларни ободонлаштириш ҳамда ёшлар учун янги имкониятлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида маданий дастур ва дронлар шоуси намойиш этилди.






