Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити 4 июль куни виртуал форматда бўлиб ўтади, дейилади ташкилотга раислик қилаётган Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
“Ҳиндистоннинг илк раислиги остида 2023 йил 4 июл куни ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлиси виртуал форматда бўлиб ўтади”, — дейилади хабарда.
Эрон, Беларус ва Мўғулистон саммитга кузатувчи давлат сифатида, Туркманистон меҳмон сифатида таклиф этилган.
Ташқи ишлар вазирлиги Ҳиндистоннинг ШҲТга раислиги даврини аъзо давлатлар ўртасидаги “қизғин фаолият ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик даври” деб таърифлаган.
Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари саммитни виртуал форматда ўтказиш қарорини кутилмаган деб атади. Ҳинду нашрининг манбаларга таяниб ёзишича, бу қарорга “жадвалдаги қийинчиликлар” сабаб бўлиши мумкин ва Ҳиндистон ҳукумати ШҲТнинг айрим етакчилари, жумладан, Хитой ва Покистондан якуний тасдиқ олмаган. Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг жадвали ҳам жуда банд, дейди расмийлар.
Ўтган йили ШҲТ саммити сентябрь ойида Самарқандда ўтказилган эди. Унда Эронни ШҲТга тўлақонли аъзолик қилиш тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Мамлакат Ҳиндистондаги саммитда ташкилотга аъзо бўлиши мумкин.






