АсосийДУНË

Туркияда “Чуқур” сериали юлдузи қўлга олинди

Март ойида турк актрисаси ва модели Ҳанде Эрчел ҳам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ айбловларни рад этган.

'Туркияда “Чуқур” сериали юлдузи қўлга олинди'ning rasmi

Туркиянинг Бакиркўй тумани прокуратураси гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ иш доирасида 18 кишини қўлга олиш ҳақида қарор чиқарди. Улар орасида “Муҳташам юз йил” ва “Чуқур” сериаллари орқали танилган актёр Арас Булут Ийнемли ҳам бор. Бу ҳақда TRT Haber хабар берди.

Маълум қилинишича, 18 сентябрь куни Истанбул жандармериясига иш бўйича гумонланувчиларни қўлга олиш, уларнинг уйларида тинтув ўтказиш ҳамда биологик намуналар олиш топширилган. Гумонланувчилар орасида актёрлар, хонандалар, тадбиркорлар, кўнгилочар масканлар эгалари ва блогерлар бор.

Хабар эълон қилинган вақтга келиб, полиция 18 гумонланувчидан 15 нафари қўлга олинганини маълум қилган.

Қўлга олинганлар орасида актёр Арас Булут Ийнемли ҳам бор. У “Муҳташам юз йил” ва “Чуқур” сериаллари, шунингдек, “7-бўлмадаги мўъжиза” фильмидаги роллари билан танилган.

Тергов доирасида актриса Мелис Сезен, собиқ футболчи Ҳасан Шаш ва рэпер Сефо (Сейфуллаҳ Сағир) ҳам гумонланувчилар рўйхатига киритилган.

Аввалроқ ушбу иш доирасида хонандалар Сила Генчўғли ва Илёс Ёлчинтош, шунингдек, продюсер Фотиҳ Аксойнинг уйида тинтув ўтказилган. Улардан биологик намуналар олинган. Илёс Ёлчинтош эса кейинчалик ишнинг яна уч нафар фигуранти билан бирга ҳибсга олинган.

“Hürriyet” нашрининг ёзишича, иш доирасида актрисалар Афра Сарачўғли ва Нилпари Шаҳинкая, шунингдек, журналист Яғиз Сабунжуўғлининг ҳам номи тилга олинган.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил февраль ойида Истанбул Республика бош прокуратурасининг Контрабанда, наркотик ва иқтисодий жиноятларни тергов қилиш бюроси томонидан олиб борилган тергов доирасида 17 киши ҳибсга олинганди. Улар орасида бир қатор машҳур шахслар ҳам бўлган.

Март ойида турк актрисаси ва модели Ҳанде Эрчел ҳам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ айбловларни рад этган. У прокуратурадаги сўроқ вақтида ҳаёти давомида тақиқланган моддаларни истеъмол қилмаганини билдирган.

    Бошқа янгиликлар

    Туркияда “Чуқур” сериали юлдузи қўлга олинди - Darakchi.uz