Покистоннинг шимоли-ғарбидаги Кохат шаҳрида полиция ҳудудида жойлашган масжидда портлаш содир бўлди. Ҳужум оқибатида камида 21 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳатланган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Ҳалок бўлганлар орасида 15 нафар полиция ходими ва тўрт ёшли бола бор. Полиция маълумотига кўра, портловчи моддалар ортилган автомобиль масжид кириш қисмига урилиб, портлаган. Ўша вақтда жума намози ўқилаётган бўлган.
Портлашдан кейин полиция объектига қуролланган шахслар ҳам ҳужум қилган. Отишма ва портлаш оқибатида камида олти нафар ҳужумчи ўлдирилган.
Хайбер-Пахтунхва полицияси ҳужум ортида "Теҳрик-и Толибон Покистон" (TTP) фракцияларидан бири турган бўлиши мумкинлигини билдирган.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳужумни қоралаб, тинч аҳоли ва ибодат жойларига қилинган ҳужумлар қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлади.
Покистон расмийлари сўнгги ойларда мамлакатнинг чегара ҳудудларида қуролли гуруҳлар фаоллиги кескин ошганини билдирмоқда.






