Нью-Йоркда (АҚШ) Ўзбекистон Республикаси ҳамда Тринидад ва Тобаго Республикаси ўртасида дипломатия муносабатларини ўрнатиш бўйича Қўшма коммюнике имзоланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА .
Бу Ўзбекистон дипломатия муносабатларини ўрнатган 144-мамлакат бўлди.
Икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили, элчи Бахтиёр Ибрагимов ҳамда Тринидад ва Тобагонинг БМТдаги доимий вакили Деннис Фрэнсис имзоладилар.
“Тринидад ва Тобаго ҳамда Ўзбекистон дунёга ва халқаро ҳамжамиятга дипломатия муносабатларини ўрнатиш қарорини расман эълон қилган кун келганидан мамнунман”, деди Деннис Фрэнсис коммюнике имзолангандан сўнг. Биз Тринидад ва Тобагода буни Марказий Осиё минтақасининг муҳим аъзоси бўлган Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларнинг ибтидоси, деб биламиз”.
Тринидад ва Тобаго - Жанубий Американинг Шимолий-Шарқий қирғоғида жойлашган давлат, Британия Ҳамдўстлиги ҳамда Америка давлатлари ташкилотининг аъзоси ҳисобланади.
Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар. Ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини қидириб топиш бўйича икки томонлама алоқаларни қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.
Ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Кариб ҳавзаси мамлакатлари билан ҳамкорлигини фаоллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Бундан аввалроқ, 1 июнь куни доимий вакил Деннис Фрэнсис БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси раиси этиб сайланган эди.
Эслатиб ўтамиз: 28 апрель куни мамлакатимиз Сьерра-Леоне Республикаси билан дипломатия алоқаларини ўрнатди.