Бугун, 18 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академияси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Академия тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, уларни замонавий билим ва амалий кўникмалар асосида қайта тайёрлашга ихтисослашган.
Муассаса давлат раҳбарининг 2024 йил 24 декабрдаги қарори асосида Қорақалпоғистонда илм-фан, таълим ва тиббий амалиётни бирлаштирган инновацион кластерни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.
Академия учун 4,6 гектар майдонда умумий қиймати 154 миллиард сўм бўлган замонавий мажмуа барпо этилган. Бу ерда 80 та янги иш ўрни яратилган.
Муассаса йилига 3 минг нафар шифокор ҳамда 6,8 минг нафар ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимининг малакасини ошириш имконини беради. Шунингдек, Оролбўйи ҳудудидан ҳар йили 100 нафарга яқин клиник ординатор тайёрланади.
Амалий кўникмаларни ривожлантириш мақсадида академияда 18 та симуляцион хона ташкил этилган. Уларда 50 дан ортиқ йўналиш бўйича рақамли ва симуляцион таълим йўлга қўйилган.
Муассасада Марказий Осиёда ягона бўлган “Edge Medical” жарроҳлик роботи ҳам ўрнатилган. У симуляцион машғулотлар ўтказиш, шунингдек, реал клиник шароитда масофавий операцияларни юқори аниқликда бажариш имконини беради.
Академия АҚШнинг Питтсбург ва Германиянинг Фрайбург университетлари каби хорижий тиббиёт марказлари ҳамда етакчи университетлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Бу ерда халқаро ўқув курслари ва қўшма илмий тадқиқотлар ташкил этилмоқда.
Президент академиядаги амалий машғулот хоналарини кўздан кечириб, талабалар ва тиббиёт ходимлари билан мулоқот қилди.






