Президент Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида янги лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишига старт бериш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда тадбиркорлик ва инвестициялар учун яратилган шароитлар ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
2016 йилда Қорақалпоғистоннинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 8,5 триллион сўмни ташкил этган бўлса, жорий йил бошига келиб бу кўрсаткич 54 триллион сўмдан ошган. Маҳсулот ишлаб чиқаришда хусусий секторнинг улуши 66 фоизга етган.
Фаол тадбиркорлик субъектлари сони ҳам 2,5 баробар кўпайиб, 26,5 мингтани ташкил этган.
Сўнгги тўққиз йилда юқори даромадли иш ўринларини яратиш мақсадида Қорақалпоғистонга 5 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритилган. Жорий йил якунига қадар хорижий инвестициялар ҳажми 2,5 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Ҳудудда фаолият юритаётган хорижий ва қўшма корхоналар сони 2018 йилга нисбатан 2,2 баробар ошиб, 271 тага етган.
592 миллион долларлик 11 та лойиҳа ишга туширилди
Маросим доирасида умумий қиймати 592 миллион доллар бўлган 11 та лойиҳа ишга туширилди. Шунингдек, хорижий ҳамкорлар иштирокида амалга ошириладиган 7 миллиард долларлик 47 та янги лойиҳанинг қурилишига старт берилди.
Ушбу лойиҳалар ҳисобига 8 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Қораўзак туманида умумий қуввати 300 мегаватт бўлган иккита шамол электр станцияси ҳамда 100 мегаваттли электр энергиясини сақлаш тизими ишга туширилди.
Нукуc шаҳрида Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда барпо этилган Шайх Халифа номидаги шифохона ҳам фойдаланишга топширилди. Қиймати 27 миллион доллар бўлган 100 ўринли тиббиёт муассасаси замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Бу ерда 80 та иш ўрни яратилган.
Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академияси ҳам тиббий хизмат сифатини ошириш ва мутахассислар малакасини ривожлантиришга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Рақамли инфратузилма йўналишида Тахиатош туманида “Linkwise” корхонасининг 150 миллион долларлик модулли интеллектуал ҳисоблаш марказининг биринчи босқичи ишга туширилди.
Нукуc шаҳрида жамоат транспортини ривожлантиришга қаратилган “SAPSAN TRANS NO‘KIS” корхонасининг 20 миллион долларлик лойиҳаси ҳам иш бошлади. Ҳозирга қадар 25 та автобус ва электробус олиб келинган. Йил якунига қадар яна 75 та электробус келтирилиши режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида 200 та иш ўрни яратилади.
Қорақалпоғистонда 1,5 гигаВаттли шамол электр станцияси қурилади
Қурилиши бошланаётган лойиҳалар энергетика, рақамли иқтисодиёт, саноат, транспорт, тиббиёт ва хизмат кўрсатиш соҳаларини қамраб олган.
Қўнғирот туманида Саудия Арабистонининг “ACWA” компанияси билан ҳамкорликда қиймати 2,6 миллиард доллар бўлган 1,5 гигаВатт қувватга эга шамол электр станцияси қурилади.
Лойиҳани ягона энергетика тизимига улаш учун 1,5 минг километр юқори кучланишли магистрал электр тармоғи тортилади. Шунингдек, 500 киловольтли учта подстанция қурилиб, яна иккитаси модернизация қилинади.
Чимбой туманида кореялик инвесторлар билан ҳамкорликда республикада илк бор қизилмия илдизини қайта ишлаш орқали йилига 3 миллион куб метр биогаз ишлаб чиқариш лойиҳаси бошланди.
А-380 йўлининг 92 километри реконструкция қилинади
Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш доирасида Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда А-380 “Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнеу” автомобиль йўлининг 92 километрлик қисмида қурилиш ишлари бошланди.
Лойиҳа қиймати 233 миллион долларни ташкил этади.
Шунингдек, Нукус шаҳри жамоат транспорти учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда 112 та электробус харид қилиш ва депо ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилади.
Рақамли валюта ва сунъий интеллект марказлари ташкил этилади
Хитойлик ҳамкорлар билан Қўнғирот ва Тахиатош туманларида умумий қиймати 2 миллиард 281 миллион доллар бўлган рақамли валюта ишлаб чиқариш ва сунъий интеллект маълумотлар марказларини ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Тахтакўпир туманида ҳам маълумотлар маркази барпо этилади.
Нукус шаҳрида чиқиндиларни термик қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳасига ҳам старт берилди.
Қораўзак туманидаги “Зенгибобо” конида олтин қазиб олиш бўйича 20 миллион долларлик корхона ташкил этилади.
Амударё туманида эса 15 миллион долларлик замонавий савдо маркази барпо этилади.
Нукусда тиббиёт университети ва янги шифохона ташкил этилади
Ижтимоий соҳада ҳиндистонлик ҳамкорлар билан давлат-хусусий шериклик асосида тиббиёт фанлари университети ва юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатиш шифохонаси ташкил этилмоқда.
Туркиялик ҳамкорлар иштирокида Нукус шаҳридаги “Дўстлик” канали бўйида Тошкентдаги “Сеул Мун” мажмуаси намунаси асосида 103 миллион долларлик дам олиш, кўнгилочар ва савдо маркази барпо этилади.
Маросимда хорижий ҳамкорлар лойиҳаларни амалга ошириш ва ишга тушириш муддатлари ҳақида ахборот берди.
Президент лойиҳалар ижроси устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлигини таъкидлаб, нуронийлар, олимлар ва кенг жамоатчилик вакилларини бу жараёнда фаол иштирок этишга чақирди.
Давлат раҳбарига кўра, бундай ёндашув оилалар фаровонлигини таъминлаш, ёшлар учун янги имкониятлар яратиш ва Оролбўйининг барқарор иқтисодий пойдеворини шакллантиришга хизмат қилади.
Нукусда 30 минг аҳолига мўлжалланган янги массив қурилади
Ташриф доирасида Нукус шаҳрида ёш оилалар учун барпо этиладиган “Янги Ўзбекистон” тураржой массиви лойиҳаси ҳам тақдим этилди.
Массив учун 270 гектар майдон ажратилган бўлиб, ҳозирда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бошланган.
Бу ерда 30 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уй-жойлар, йирик бизнес марказлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, шунингдек, кўнгилочар масканлар барпо этилиши режалаштирилган.
Маросим якунида рамзий тугма босилиб, янги объектлар ишга туширилди ва бир қатор лойиҳалар қурилишига старт берилди.






